Сомон поясини ёқиш нега зарарли?
Фото: Халқ сўзи
Шу кунларда мамлакатимизда ғалла ўрим-йиғими қизғин паллага кирмоқда. Деҳқон хирмони тўлаётганидан мамнун бўлаётган бир пайтда экология ходимларининг ҳам ташвиши ортган. Улар экиндан бўшаган майдонларда сомон пояларининг ёқиб юборилишидан хавотирда. Нега?

— Айрим фермерлар экиндан бўшаган майдонни тезроқ тозалаб, такрорий экин экишга ошиқадилар, — дейди Андижон вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Муҳаммадқодир Тоштемиров. — Сомон пояси суғориш ишларига халал бермаслиги учун ерга ишлов берилмасидан аввал уни ёқиб юбориш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бироқ, фермерлар шуни унутмасликлари керакки, сомон поялари ёқилиши оқибатида тупроқ таркибидаги фойдали микроорганизмлар нобуд бўлиб, юза қисмидаги 30-40 сантиметрли унумдор катлам таркиби бузилади. Натижада гумос миқдори 12, азот миқдори эса 7,5 фоизга камаяди. Сомон поя қолдиқлари ёнишидан ҳосил бўлган тутун ва зарарли газлар атмосферани бузади. Хуллас, бу ҳолатга асло йўл қўйиб бўлмайди. Бизга ризқ улашиб турган она ерни зарарлашга, ҳавони ифлослантиришга ҳаққимиз йўқ.
Андижонлик ғаллакорлар бу йил 76 минг гектар майдонда буғдой етиштирдилар. Айни пайтда ҳосилни йиғиб олиш юмушлари авжида. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари эса вилоятда мавжуд 3000 та фермер хўжалигида бўлиб, ерни қайта ишлашда йўл қўйилиши мумкин бўлган хато ҳамда уларнинг оқибатлари юзасидан тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

— Табиат хиёнатни кечирмайди, — дейди андижонлик механизатор Санжарбек Абдурасулов. — Унга қанча меҳр берсанг, ардоқласанг, сенга шунча эҳтиром кўрсатади. Сомон поясининг ёқилиши эса ерга, атроф-муҳитга катта зарар етказишини биламиз. Бу борада биз, механизаторлар ҳам ҳушёр бўлишимиз керак. Сигарет чекиб, қолдиғини буғдойзорга ташламаслик, дала четида ўт ёқиб, чой қайнатмаслик каби амалларга қатъий риоя этишимиз зарур.
Шу кунгача Андижон вилояти ғаллазорларида сомон поялари ёқиб юборилиши билан боғлиқ нохуш ҳодиса кузатилмади. Бироқ бу хотиржамликка сабаб бўлмайди. Олдинда ўрим-йиғим мавсумидан кейин дала майдонларини сомон пояларидан тозалаш юмуши турибди. Яъни барчаси деҳқон-фермерларимизнинг масъулиятига, жавобгарлик ҳиссига боғлиқ.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг