Солиқ юки қанча енгил бўлса, иқтисодиётдаги яширин айланма ҳам шунча пасаяди

12:56 03 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
1235 0

Яширин иқтисодиёт мамлакат иқтисодиётига жиддий зиён етказиши билан бирга хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги мувозанатни издан чиқишига ва ҳалол рақобат муҳитининг йўқолишига салбий таъсир ўтказади. Иқтисодиётдаги яширин айланманинг авж олиши бутун дунё иқтисодчи ва экспертларини ташвишга солмоқда. Бундан нафақат ривожланаётган мамлакатлар балки ривожланган мамлакатлар ҳам катта зарар кўрмоқда.

Мамлакатимизда ҳам яширин иқтисодиёт мавжуд ва уни қисқартириш борасида катта саъй-ҳаракатлар бошланган. Хусусан, яқинда Президентимиз томонидан қабул қилинган «Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони мамлакатимизда пул-кредит, валюта, солиқ ва ташқи савдо сиёсати соҳаларида тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратишда ҳамда инвестиция муҳитини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

Шуни очиқ тан олиш керакки, мамлакатимизда яширин иқтисодиётнинг вужудга келиши солиқ юкининг юқорилиги билан чамбарчас боғлиқ. Бу эса албатта, тадбиркорларни ўз даромадларини ва ишчи ўринларини солиқдан яширишига сабаб бўлмоқда. Албатта, бу ҳолат виждонли тадбиркорларнинг манфаатларига ҳам жиддий путур етказяпти. Президентимизнинг юқорида зикр этилган Фармони эса ана шу муаммоларни бартараф этишда муҳим асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

Хусусан, Фармонда қурилиш ташкилотларига иш ҳақини нақд пулда тўлаш ҳуқуқи билан шартнома тузмасдан муддатли равишда ишчилар ёллашга рухсат берилгани фикримизга яққол далил бўла олади. Бунда улар ҳар ойда шартнома тузмасдан ёлланган ишчиларга тўланган нақд пул миқдорини кўрсатган ҳолда уларнинг реестрини давлат солиқ хизмати органларига тақдим қилиб бориши белгиланган. Давлат солиқ хизматлари органлари эса  қурилиш ташкилотлари томонидан тақдим этилган реестрлар асосида солиқ тўловчиларни автоматик равишда идентификация қилади ва тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ҳисобга олинишини таъминлайди.

Бу нимадан далолат беради? Бу албатта, солиқ тўламасдан қурилиш ташкилотларида ёлланма ишчи сифатида яширин тарзда ишлаб юрган кишиларнинг сони ва олган маоши солиқ хизмати органларида қайд этилишига олиб келади. Бунинг яна бир муҳим жиҳати ҳам бор. Шартнома тузмасдан ишга ёлланган шахслар иш жараёнида бахтсиз ҳодисага учраган тақдирда уларни ижтимоий ҳимоя қилишни назарда тутувчи қонун ҳужжатлари нормалари татбиқ этилиши ҳам жуда катта аҳамият касб этади.

Яна шуни эътироф этиш жоизки, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этишда, уларга қулай иш шароитлари яратишда ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимликларнинг мутасадди раҳбарлари, солиқ хизмати органлари ва бошқа тегишли назорат органлари кўмакдош бўлмас экан, яширин иқтисодиётни пасайтириш анчайин қийин кечади. Шунинг учун ҳам Фармонда яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича махсус комиссия ва жойларда ҳудудий комиссия иш фаолиятини йўлга қўйиш ва улар томонидан текширувларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш масалалари белгилаб қўйилган.

Бир сўз билан айтганда, яширин иқтисодиётни қисқартириш масалаларини фақат Фармон асосида тузиладиган махсус комиссия ва вилоятларда фаолият бошлайдиган ҳудудий комиссия вакиллари зиммасига юклаб қўйиш билан мақсадга эришиб бўлмайди. Иқтисодиётимизга жиддий зиён етказаётган бу яширин пул айланмасини пасайтиришда кенг жамоатчилик, депутатлар ва турли соҳа вакиллари ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши лозим. Чунки яширин иқтисодиёт қанча пасайса, мамлакатимиз иқтисодиёти шунча кучаяди. Юртимизнинг гуллаб-яшнашига, биз қураётган Янги Ўзбекистон сари дадил қадам ташлашимизга асос бўлади.

Ҳазратқул Хўжамқулов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
OʼzLiDeP фракцияси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер