Солиқ тўлашда имтиёзлар бериляпти
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари «Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора‑тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.
Ушбу қонун лойиҳаси партия электорат манфаатлари билан боғлиқ бўлиб, Солиқ кодексининг 482 ва 483-моддаларига қўшимчалар киритиш белгиланмоқда. Яъни, лойиҳа билан «20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» Дастурига киритилган тадбиркорлик субъектларига улар яратган янги иш ўринларига қараб, солиқ имтиёз ва преференциялар тақдим этиш кўзда тутилмоқда. Хусусан, айланмадан олинадиган солиқларни яратилган янги иш ўринлари сонига қараб бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти тақдим этилмоқда.
Шунингдек, 2025 йил 1 январгача «20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис» Дастурига киритилган тадбиркорлик субъектлари юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини пасайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлаши белгиланмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилар эканлар, солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси нормалари тўғридан-тўғри ишлаши, аҳоли бандлиги ўсишига хизмат қилишини эътироф этдилар. Янги нормаларнинг амалиётга жорий этилиши республикада камбағалликни қисқартириш йўлида қилинаётган ишларни рағбатлаштиришга хизмат қилиши қайд этилди. Депутатлар айрим масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашгач, қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.
Йиғилишда кун тартибига киритилган масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг