Солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар тадбиркорга қандай наф беради?

12:35 23 Январь 2024 Жамият
369 0

Наманган шаҳрида солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгаришлар моҳиятига бағишлаб тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан ўтказилган мулоқот қатнашчиларига бу ҳақда атрофлича тушунча берилди.

Таъкидлаш лозимки, вилоятда тадбиркорлик ва кичик бизнесга яратилган қулай шарт-шароит ҳамда имкониятлар соҳанинг муттасил ўсишини таъминламоқда. Буни жумладан, ҳозирги кунда вилоят бўйича 31 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатиб, улар томонидан амалга оширилаётган тўловлар маҳаллий бюджет тушумининг 56 фоизини ташкил этаётгани мисолида ҳам кузатиш мумкин.

Тадбир аввалида йиғилганларга солиқ кодексининг айрим моддаларига киритилган қўшимчалар, соҳадаги янгиликлар аниқ амалий мисоллар билан изоҳланди. Бунда камерал солиқ текширувлари, фойда, ҚҚС ва бошқа йўналишлар бўйича ўзгаришларнинг ҳар бирига алоҳида тўхтаб ўтилди. Масалан, кодекснинг камерал солиқ текширувлари тўғрисидаги 138-моддаси янги иккинчи қисм билан тўлдирилган. Унга кўра, текширув жараёнида солиқ тўловчининг ҳудудига кириш ва биноларни кўздан кечириш, ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва уни чақиртириш, солиқ тўловчининг ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш таъқиқлангани белгиланди. Бошқа қатор ўзгаришлар шарҳи ҳам иштирокчиларни бефарқ қолдирмади.

— 2024 йил 1 январдан 2025 йил 1 январга қадар микрофирма ва кичик корхоналар томонидан яратилган ҳар бир иш ўрни учун ойлик иш ҳақи бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг 50 фоизи республика бюджетидан иш берувчига қайтариб берилиши ҳамда уларга ижтимоий солиқ ставкасини 50 фоизга камайтирган ҳолда қўлланилишининг белгилаб қўйилганлиги кўнглимиздаги иш бўлди, — дейди Наманган шаҳридаги “Usta savdo” масъулияти чекланган жамияти ҳисобчиси Абдураҳмон Ваҳобов. — Бу, айрим тадбиркорлик субъектларида одат бўлиб қолган ишловчилар сонини сунъий равишда камайтириш билан боғлиқ салбий ҳаракатларга барҳам бериши билан айниқса, аҳамиятли.

Мулоқот қатнашчилари тадбир давомида ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга мутахассис ва экспертлар томонидан батафсил жавоб олдилар.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер