Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди

13:40 23 Ноябрь 2023 Жамият
264 0

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Халқаро валюта жамғармасининг фискал департаменти вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Ахадбек Хайдаров бошчилигидаги вазирлик ходимлари ҳамда Винсент де Пол Кукпайзан бошчилигидаги Халқаро валюта жамғармаси миссияси вакиллари Жон Миддлтон, Суприё Де ва Модестас Каселяускас иштирок этди.

Учрашувда жорий йилнинг июль ойида Винсент де Пол Кукпайзан бошчилигида Ўзбекистонга ташриф буюрган Халқаро валюта жамғармаси миссияси томонидан тайёрланган Ўзбекистон солиқ маъмурияти ҳолатини диагностик баҳолаш воситаси (TADAT)нинг якуний ҳисоботи натижалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон солиқ тизими ва маъмуриятчилиги соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда эришилган натижалар алоҳида таъкидланди.

Маълумот учун: “TADAT” (Tax Administration Diagnostic Assessment Tool) – 9 та фаолият соҳасини ҳисобга олган ҳолда 32 та юқори даражадаги кўрсаткич бўйича мамлакат солиқ маъмурчилигининг асосий таркибий қисмлари, уларнинг кучли ва заиф томонларини объектив баҳолаш учун мўлжалланган восита.

Шунингдек, томонлар ўртасида Ўзбекистон солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, хусусан, хуфиёна (яширин) иқтисодиётни қисқартириш, солиқ хавфлари ва солиқ низоларини бошқариш ҳамда солиқ тизимини такомиллаштириш учун зарур бошқа масалаларда келгусида Халқаро валюта жамғармасидан техник кўмак жалб этиш юзасидан фикр алмашилди.

Якунда миссия ўрганишларининг натижаларини муҳокама қилиш учун қўшимча учрашув ташкил этишга келишиб олинди. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер