Солиқ, бюджет ва ер тўғрисидаги қонунчилик нормалари такомиллаштирилмоқда

17:34 25 Сентябр 2023 Сиёсат
329 0

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда «Солиқ ва бюджет қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ва Бюджетномани Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис палаталарига киритиш муддати аниқ белгиланмоқда.

Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш бўйича маълумотларни ўз расмий веб-сайтлари, шунингдек, «Очиқ бюджет» ахборот порталига жойлаштириб бориши Бюджет кодексида акс эттирилмоқда.

Шунингдек, Қонун билан Ўзбекистон Республикасига беғараз ёрдам доирасида келган тиббий асбоб-ускуналардан пуллик хизматлар кўрсатиш учун фойдаланиш имкони яратилмоқда.

Бундан ташқари, бюджет ташкилотларига ижарага берилган ер участкаларидан солиқ ундириш ва тўлаш тартибини, фойдаланилмаётган бинолар, ишлаб чиқариш майдонлари ва ер участкаларига нисбатан тегишли солиқларнинг оширилган ставкаларини қўллаш тартиби бекор қилинмоқда.

Сўнгра Қўмита мажлиси кун тартибидаги «Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳам муҳокама қилинди.

Муҳокама этилаётган ушбу Қонун ҳам олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг бўлиб, ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқи, ер ижараси билан боғлиқ муносабатларни ва хусусийлаштирилган ер участкаларига оид қоидаларни такомиллаштиришга қаратилган қатор нормаларни ўз ичига олади.

Қонунда ижарага олинган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан бирга ижарага берувчининг розилиги асосида бошқа шахсга ўтказилиши (қайта ижарага берилиши) мумкинлиги белгиланмоқда.

Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахслар томонидан электрон онлайн-аукцион орқали олинган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлар бошқа шахсга ижара муддатидан ошмаган муддатга ўтказилиши (қайта ижарага берилиши) мумкинлиги кўзда тутилган.

Сенаторлар Қонун билан ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, уларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида қонун ҳужжатларидаги бўшлиқлар бартараф этилаётганлиги эътибор қаратишди.

Хусусан, ушбу кўриб чиқилаётган Қонунда ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи, яъни сервитут белгиланган ер участкасига бўлган ҳуқуқлар бошқа шахсга ўтган тақдирда ҳам сервитут сақланиб қолиниши, сервитут олди-сотди, ҳадя, гаров ёки ижаранинг мустақил предмети бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.

Сервитут белгиланиши ер эгасини, ердан фойдаланувчини, ер участкасининг ижарачиси ва мулкдорини ушбу ер участкасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этиш ҳуқуқидан маҳрум этилмаслиги кўзда тутилмоқда.

Муҳокама якуни бўйича кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер