Сўхлик 92 ёшли Фотима-Зуҳролар
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Сўх тумани кўҳна тарих ва замонавий тараққиётни ўзаро уйғунлаштирган табиати гўзал, одамлари меҳнаткаш, меҳмондўст маскан. Туманда Ғазнавийлар сулоласи, Мирзо Бобурдан мерос зиёратгоҳларнинг ҳамон сақланиб қолгани у нақадар бой кечмишга эга эканлигидан далолат беради.
Сўхнинг мусаффо табиати, зилол сувлари, пурвиқор тоғлари, бу ерликларнинг ўзаро меҳр-оқибати кучли эканлиги инсон умрини узайтирувчи муҳим омиллардан бўлса, не-ажаб. Боиси сўхликлар азалдан узоқ умр кўриб, кексайган чоғида ҳам бардам, соғлом яшайди. Бугунги кунда бу гўшада бир асрлик умр довонидан ошган ва яқинлашаётган пиру бадавлат нуронийлар кўпчиликни ташкил этади.

Туманнинг Қизилқиёқ маҳалласида истиқомат қилувчи 92 ёшли эгизаклар – Фотима ва Зуҳро момога барчанинг ҳаваси келади. Кейинги йилларда Фотима онанинг оёқлари оғриб, юришга қийналади. Шу сабабли синглиси кунда кунора бир чақирим наридаги қишлоқдан опасини кўргани келади. Пиёда кўп юришни одат қилгани учун Зуҳро момо ўзини ҳамиша тетик ва бардам ҳис қилади.
Опа-сингилларнинг болалиги уруш йиллари ва ундан кейинги қийинчиликларга тўри келди. Саҳро, тош-адир ерларни ўзлаштиришда меҳнат қилиб, қўллари қаварди. Қаҳатчилик, очарчилик йилларини кўришди. Аммо ўзаро меҳр-оқибат ҳар қандай оғир шароитда ҳам уларга куч, тиргак бўлди.
—Опамни кўрсам, энг ширин хотиралар, яқинлар дийдори эсга тушади,—дейди Зуҳро момо.—Шунинг учун ҳам ҳар кўришганимизда суҳбатимиз тугамайди, мириқиб гурунглашамиз, болаликни, ота-оналаримизни эсга оламиз.

Бу дунёда меҳр қаҳат бўлмаслиги керак. Дунёни асровчи, инон умрини узайтирувчи туйғу – меҳрдир. Яқинларига меҳрибон одамдан ёмонлик чиқмайди. Шу боис доим бир-биримизга меҳр берайлик!
Ҳозирда бу пиру бадавлат эгизаклар 100 нафардан зиёд набира-чеваралар ардоғида умргазуронлик қилмоқда. Шундан бўлса керак, сулола вакиллари бир жойда жам бўлишганда оила кайвонийлари бугунги дориламон кунлар, юртимиздаги тинч ва фаровон ҳаёт бардавом бўлиши учун дуога қўл очади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг