Сўх туманида замонавий мезонлар асосида таъмирланган «Дўстлик» истироҳат боғи иш бошлади

11:25 07 Апрель 2026 Жамият
208 0

Фарғона вилоятининг бир қатор шаҳар-туманларида маданият ва истироҳат боғлари бугунги кун талаби ҳамда эҳтиёжи асосида мукаммал таъмирдан чиқарилиб, ҳордиқ чиқарувчилар учун барча қулайликлар муҳайё этилмоқда.

Эзгу ташаббус доирасида Фарғона шаҳри, Қува, Фарғона, Ёзёвон, Бешариқ каби туманларда марказий истироҳат боғлари янги қиёфада намоён бўлишига эришилмоқда. Бундан кўзланган мақсад эса ҳудуд аҳолиси учун шанба-якшанба кунлари ва ишдан бўш вақтларда мароқли дам олиш имкониятини яратишга қаратилган.

Бу борадаги изчил саъй-ҳаракатлар самараси сифатида Сўх туманида жойлашган «Дўстлик» истироҳат боғи яна туман аҳли учун ўз бағрини очди. Гап шундаки, бундан ўн йиллар олдин бунёд этилган ушбу дам олиш маскани бироз муддат фаолият кўрсатган эди. Шундан сўнг эътиборсизлик ва қаровсизлик туфайли узоқ вақт фаолият ишламади. Истироҳат боғи давлат-хусусий шериклик тамойили асосида тадбиркорга берилгач, қисқа вақт ичида кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Боғ ҳудудида ободонлаштирилди, янги аттракционлар ўрнатилди ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилди.

Қадрдон маскан яна ўз ишини бошлаётгани муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда оилавий ташриф буюрган меҳмонлар, болажонлар учун ютуқли ва қизиқарли ўйинлар ташкил этилди.

Шунингдек, эстрада юлдузлари, ёш санъаткорлар ва халқ бадиий жамоалари иштирокида катта концерт дастури уюштирилиб, қадрдон куй-қўшиқлар ва мумтоз наволар жаранг сочди. Байрам шукуҳи барчага олам-олам таассуротлар улашди.

Сўхлик нуронийлар эзгу мақсад ижобати учун фидойилик кўрсатган тадбиркор Жамшед Аслоновни дуо қилдилар. Ўз навбатида тадбиркор яқин истиқболда истироҳат боғи фаолиятини кенгайтириш ва қўшимча хизматлар кўламини ошириш билан боғлиқ режа-мақсадлари ҳақида маълумот берди. Хориждан янги аттракцион ўйинлари мажмуаларини олиб келиш кўзда тутилаётганини таъкидлаб ўтди.

— Боғнинг очилиш маросимида ўқувчиларимиз билан иштирок этиб, роса яйрадик, — дейди сўхлик ёш ўқитувчи Мулложон Файзиддинов. — Фарғона вилоятининг эксклав ҳудудида жойлашган Сўхда янги авлод вакиллари учун бу каби замонавий шароитлар яратилган ҳордиқ масканлари кўпайиши эътиборга молик.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер