Сўх энди янгича қиёфада

19:35 14 Апрель 2026 Жамият
141 0

Сўх водийси табиатнинг бебаҳо хазинаси, тоғлар бағрида яширинган маъданларга бой. Бу заминдан қадим-қадимдан симоб, сурма, кумуш, темир, мис ва яна қанчадан-қанча қимматбаҳо рудалар қазиб олинган. Бир муддат Сўх туманида яшаган Заҳириддин Муҳаммад Бобур Тул қишлоғи яқинидан ўтаётганда тоғ тепасида кўприк қурдирган. У кўприк ҳозир ҳам “Бобур кўприги” номи билан машҳур. Бу кўҳна заминда Бобурбурчак, Бобур намозгоҳи, Тахти Бобур каби жой номлари сақланиб қолган.

Президентимиз раҳбарлигида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган йиғилишда ҳам Сўхда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш, оилалар фаровонлигини таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш борасида ечимини кутаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Илгари Сўх етиб бориш қийин, транспорт ва логистика имкониятлари чекланган, иқтисодий алоқалари заиф ҳудудлардан бири эди. Сўнгги йилларда минтақавий ҳамкорлик ва қатъий сиёсий ирода туфайли бу ҳудудни комплекс ривожлантириш учун янги имкониятлар яратилди. Ичимлик суви, ички йўлларнинг таъмирланиши аҳолининг йиллаб ушалмаган орзуларини рўёбга чиқарди. Чегарадан ўтиш тартиблари енгиллаштирилгани минг йиллик қўшничилик алоқаларини тиклади. Бугун Сўхнинг қайси гўшасига борманг, замонавий боғча, мактаб, поликлиника, янги уй-жойларнинг қурилиши устидан чиқасиз.

– Давлатимиз раҳбари кўплаб ижтимоий масалаларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратгани айни муддао бўлди, – дейди Фарғона давлат университети профессори Ҳикматилло Дўстматов. – Туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини вилоят кўрсаткичларидан сезиларли даражада орқада қолдирмаслик мақсадида 40 миллион доллар инвестиция жалб қилиш ҳамда 15 миллион долларлик экспортни таъминлаш вазифаси қўйилгани эътиборга моликдир. Туризм, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалик соҳаларида ҳам кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилиши шу пайтгача сўхликларнинг ушалмас орзуси эди.

Сўхда етиштирилган картошка туманнинг “ташриф қоғози”га айланган. Эзгу ташаббуслар доирасида “Озод” ва “Сўх” хўжаликларига қарашли 100 гектар майдонда картошка етиштириш лойиҳалари таклиф этилаётгани бу борадаги ютуқлар салмоғини оширишга хизмат қилади.

— Шу кунларда Нидерландиядан интенсив усулда етиштириладиган янги картошка навларини олиб келдик, — дейди “Озод” хўжалиги раҳбари Мусабой Сотиволдиев.— Ушбу тармоқ яхши ривожланган хориж мамлакатларидан 300 минг дона картошка туганакларини ҳам амалиётда синаяпмиз. Илмий-амалий тажрибалар орқали серҳосил, экспортбоп ва маҳаллий иқлим шароитига мос истиқболли навлар танлаб оляпмиз.

Таъкидлаш ўринлики, янги ерлар ўзлаштирилиб, сув чиқарилиши натижасида асрлар давомида қаровсиз ётган дашт ва адирликлар ўзлаштирилмоқда. Қайроқ, Жавпая сингари массивларда кўкка бўй чўзаётган мевали боғлар қишлоқ хўжалигига киритилаётган инвестиция ва сидқидилдан қилинаётган меҳнат самарасидир.

— Жавпаядаги халқ тилида Ош тоғи, Қизил тоғ дея аталувчи қоя-тошлар салтанати яшил гўзалликка бурканмоқда, — дейди сўхлик тадбиркор Жаҳонгир Собиров. — Биз ҳам ёш оилалар учун ажратилган ерда мевали боғ ташкил этдик. Яқин йилларда ушбу ҳудудларда ёшларнинг интенсив боғлари ўз меваларини беради.

Айни пайтда “Мулгон” ва “Себзор” МФЙси “Янги Ўзбекистон” қиёфаси кириб бориши учун оламшумул ишлар бўсағасида турибди. 24/7 режимида ишловчи хизмат кўрсатиш объектлари, тунда ҳам чароғон кўчалар, электр ва ичимлик суви таъминоти яхшиланиши, йил якунида рамзий маънода “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” стеласи ўрнатилиши бу масканларнинг қиёфасини бутунлай ўзгартиради. Малбуд массивида 35 гектар ердаги саноат маркази ҳам замонавий инфратузилмага эга бўлади. Қайроқ массивидаги 425 гектар ерда интенсив боғ ҳамда 30 гектар адирликда Дамашқ атиргули плантацияси ташкил этилади. Бешта маҳаллани боғловчи Обиширсой соҳили бўйида хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари қад ростлайди. Мулгон ва Сарибозорча маҳалласида – “Булоқлар парки” барпо этилиб, ҳудуднинг экологик ва туристик жозибадорлиги ошади.

Шу тариқа бу йил туманга 25 минг нафардан зиёд маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни жалб этиш мақсад қилинган. Хизматлар кўламини ошириш учун Сеяко массивидаги дарё бўйида 15 гектар майдонда 30 та балиқчилик кластери ташкил этилмоқда. Бунинг учун 1 км дарё қирғоғи мустаҳкамланиб, 3 км автомобиль йўли қуриб битказилади. Форель балиғи етиштириш ва қайта ишлашни назарда тутувчи лойиҳа қиймати 3 млн долларни ташкил этади.

Сўхда баркамол авлод орзуси йўлида олиб борилаётган ишлар ҳам эътиборга лойиқ. Ҳозирги кунда 24 минг нафар туман ёшлари спортнинг у ёки бу тури билан шуғулланади, улар орасида чемпионлар ҳам кўп. Туманда 3 та касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш маркази самарали ишлаяпти. “Бир миллион сунъий интеллект етакчиси” лойиҳаси доирасида жорий йилнинг ўзида 500 нафар сўхлик йигит-қизлар ўқитилади. Бундай саъй-ҳаракатлар орқали йил якунида туманда камбағаллик даражаси 4,7, ишсизлик кўрсаткичи 4,3 фоизга тушишига эришилади.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер