Соғинч ҳам улуғ туйғу экан
Фото: “Халқ сўзи”
Тўрт нафар фарзандим — икки ўғил ва икки қизнинг онасиман. Қизларим турмушга чиқиб, бола-чақали бўлиб кетишган. Ўғилларимнинг тўнғичини яқинда уйлантирдим.
Мамлакатимизда ёшларга яратилган шароитлар учун минг бор шукур қиламан. Бугун улар ўқиса, интилса, астойдил ҳаракат қилса, қўлини қаёққа узатса ўша ерга етади.
Бизнинг ёшлик давримизда бундай имкониятлар ҳақида тасаввур ҳам қилолмаганмиз. Шароит ва имкониятимиз бўлмагани боис турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам фақат коллежда ўқидик, холос. Олий ўқув юртига киролмадик. Аммо ўшанда фарзандларимизни албатта ўқитамиз, деб ният қилган эдик.
Орзуларимиз амалга ошиб, ҳозирда фарзандларимнинг уч нафари узоқ хорижда. Кичик қизим оиласи билан етти йилдан буён АҚШда яшайди. Ўғилларимнинг иккаласи ҳам 4 йилдан бери Жанубий Кореяда таълим олишяпти. Фақат катта қизим шу ерда – оиласи билан бизга яқин яшайди.
Олти нафар набирам бор. Бугун мендан бадавлат инсон йўқ. Фақат болаларимни соғинаман, бағримга босишни хоҳлайман. Шукурки, бугунги даврдаги ривожланган алоқа воситалари бу соғинчни ҳам қисман бўлсада қондиряпти. Телефон орқали хориждаги жигарларим билан ҳар куни бир неча бор дийдорлашаман.
Аммо ҳар сафар “омон бўлинглар, кўришгунча” дея хайрлашар эканман, қалбимда соғинч пайдо бўлади. Аммо уларни келажакда юртимиз равнақига ҳисса қўшадиган малакали мутахассислар бўлиб қайтишини ўйласам, қалбим таскин топади. Бугунги шароитлардан фойдаланиб, юрт кезсин, дунёни кўришсин, дея қўлимни дуога очаман.
Юксак тафаккур ва кенг дунёқарашга эга бундай ёшлар тимсолида жонажон Ўзбекистонимизнинг ёрқин келажагини тасаввур этаман. Ишонаманки, янги авлод вакиллари мамлакатимиз довруғини жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори тобора юксалиб боришига хизмат қилишдан асло чарчашмайди.
Наргиза ЖЎРАЕВА, Самарқанд вилояти.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг