Сизни сўраб келишса...
Фото: Иллюстратив cурат
Ҳа, сизни сўрайдиган одам бўлганига не етсин. Айниқса, сўровчи маҳалладан ёки поликлиникадан бўлса, ўзингизни жамиятга кераклигингизни ҳис қилиб, дилингиз яйрайди. Беихтиёр, ҳаётга, юрт эртасига ишончингиз юксалади.
Аслида ҳам ўзи биз каби кексалар жамиятнинг донишманд бир қисми бўлиб, маҳалла маънавий ҳаётига, оилалар тотувлигига ва ёшлар тарбиясига масъул бўлишимиз керак ва бу бурчни бажаришга доим тайёрмиз. Инсон қадри улуғланаётган шундай кезларда бизнинг қалбимизда ҳам эътибору эъзоздан қарздорлик ҳисси уйғониши табиий.
Эътибор бераётган бўлсангиз, Назарбек ҳудудидаги Маданият уйи, спорт иншооти шундай шинам ва гўзал қиёфага кирдики, кўрган кишининг кўзи қувнайди. Ҳозирги кунда спорт мажмуасида 200 нафар йигит-қиз спортнинг бир неча тури билан мунтазам шуғулланишмоқда. Ҳашар йўли билан 300 метр сув қувурлари янгиланди. Ҳудуддаги 19-поликлиника давлат маблағи ҳисобидан таъмирланиб, кўркам масканга айлантирилди.
Бундай беқиёс ўзгаришлар юртимизда инсон қадри улуғланаётганига ёрқин мисол бўла олади. Зотан, кунора эшигим қўнғироғи тугмасини кимдир босади: «Буважон, саломатлигингиз яхшими?», «Қандай масалаларда шикоятингиз бор?», «Пенсиянгизни олиб келдим», «Сизнинг фикрингиз биз учун муҳим» дея мени «безовта» қилишади. Шунда, яратганга шукроналар айтаман: кексалари эъзозланган жонажон юртга кўз тегмасин!
Аминжон Қодиров,
Тошкент вилояти Зангиота тумани.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг