Сизга таъзимдамиз, ҳамширалар!
12 май — Халқаро ҳамширалар куни!
“Касалларга қараш – рассомлик ва ҳайкалтарошлик каби санъат. Парвариш қилиш санъати энг олий санъат ҳисобланади...”
Флоренс Найтингейл, ҳамширалик иши асосчиси.
Ҳар йили 12 майда халқаро ҳамширалар куни ( International Nurses Day ) нишонланади. Тарихдан маълумки, XI асрда Европада қизлар ва аёллар жамияти барпо этилди. Шу даврдан бошлаб улар беморларни парвариш қилиш билан шуғуллана бошладилар. XIII асрда Елизавета Тюрингенская ўз маблағи ҳисобига шифохона қургач, ҳамшира касби жорий этила бошланади. 1348 йилда вабо касаллиги эпидемияси даврида ҳамширалар жамиятда нечоғли улуғ касб эканлиги аён бўлади ва улар алоҳида ҳурматга муносиб топилади. Уларнинг хизматлари бутун дунёда эътироф этила бошланади.
1617 йилда Францияда роҳиб Викентий Поль биринчи ҳамширалар жамиятини ташкил этди. Луиза де Марияк исмли аёл бошчилигидаги гуруҳ аъзолари эса ҳамширалар учун семинарлар ташкил этиб, уларнинг касб маҳоратини ошира бошлаган. Қарабсизки, даврнинг ўзи бу олижаноб касб эгаларига бўлган эҳтиёжни талаб эта бошлади. Натижада 1641 йилда илк ҳамширалар мактабига асос солинди. XIX аср ўрталарига келиб Европада 16 минг ҳамшира фаолият кўрсатган.
Ҳақли савол туғилади: Нима учун ҳамширалар куни айнан 12 май куни нишонланади? Ахир юқорида санаб ўтилган энг муҳим саналарнинг бирортаси ушбу кунга тааллуқли эмас экан-ку? Ҳамма гап шундаки, Флоренс Найтингейл исмли аёл биринчи профессионал ҳамшира бўлиб, у айнан 12 май куни таваллуд топган.
Орадан йиллар ўтган сари ушбу касб эгаларининг жамиятдаги, тиббиётдаги ўрни ва нуфузи орта бошлади. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида 1912 йилда махсус медаль таъсис этилган. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳамшираларга ҳайкаллар ўрнатилганлигидан ҳам билса бўладики, улар ҳамиша халқ эъзози ва эътирофидадирлар.
Ўзбекистонда ҳам олий тоифали билимга эга ҳамшираларнинг илм даргоҳларига асос солинди.
Сўнгги йилларда ҳамшираларнинг патронаж ҳаракати инсонларга меҳр беришнинг энг мақбул йўли эканлигини, ушбу йўналиш бугун барча давлат хизматчисининг асосий қуролига айланиши шарт эканлигини ҳаётимизга киритилди. Жумладан, 2018 йилда патронаж ҳамширалар маоши оширилди.
Беморларнинг саломатлиги бевосита ҳамширалар фаолиятига боғлиқ. Касалликнинг олдини олишда ҳам уларнинг фидойилигини алоҳида эътироф этмоқ даркор. Нафақат, тиббий воситалар, дори-дармонлар ва муолажалар билан, балки хушхулқи ва ширинсуханлиги билан минг бир дардга дармон бергувчи ҳамширалар айниқса, бугунги коронавирус пандемияси ўз таъсирини ўтказаётган кунда нафақат, фидойилигини, шу билан бир қаторда жонфидолигини ҳам амалда ифода этмоқдалар. Улар ўз оиласини, халоватини, оромини бир четга суриб, касалланган беморлар саломатлиги учун қайғурмоқдалар. Ўз саломатлигини, ҳаётини хавф остига қўяётганлигини билса-да, бирорта ҳамшира ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзмади. Ўз касбига бўлган меҳр-муҳаббат ифодасини бундан ортиқ изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак.
Муфаззалшо МУҲАММАДИЕВ,
Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси
матбуот хизмати раҳбари.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг