Сирдарёга Германиядан лапароскопия ускуналари келтирилди
Фото: Халқ сўзи
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё филиали ҳамда Гулистон, Боёвут ва Оқолтин, Сирдаё туманлари тиббиёт бирлашмаларининг тез ёрдам бўлимларига Германиянинг «KARL STORZ SE & Co. KG» компаниясида ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги лапароскопия аппаратлари келтирилди.
— «Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш» жамғармаси ҳисобидан келтирилган ушбу аппаратларнинг афзалликлари ниҳоятда кўп, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё филиали бош шифокори, жарроҳ Шароф Соатмуродов. — Бемор танасини имкон қадар кичик ўлчамда кесган ҳолда катта ҳажмдаги жарроҳлик амалиётини кам вақт ва кам харажат билан самарали бажариш мумкин. Бунда оғриқ минимал даражага туширилади, бемор тезроқ соғаяди ва, энг асосийси, даволашда юқори самарага эришилади. Эътиборлиси, ҳозир бундай амалиётлар жуда кичик ёшдаги болаларда ҳам ўтказиляпти. Энг муҳими, кўкрак қафаси, қорин бўшлиғидаги туғма нуқсонлар кам инвазив ва самарадор бўлган торокоскопик, лапроскопик усулларда, қорин ёки кўкрак қафасини очмасдан бартараф этиляпти.

Мазкур жиҳозларнинг нархи анча қиммат. Ҳар бирининг қиймати 1 миллиард 965 миллион сўмдан ошиқ. Бундай аппаратлардан 5 таси Сирдарёга келтирилди. Муҳими, ушбу аппаратлар ёрдамида кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғи аъзолари ўткир касалликларида эндохирургик, гинекологик, бачадондан ташқари ҳомиладорлик, тухумдон кистаси ташхиси билан оғриган беморларда жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажариляпти.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг