Сирдарёдаги “Sarbonteks“ корхонасида пандемия шароитида энг зарур бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, экспорт ҳам қилинмоқда
“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Сирдарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси матбуот хизматининг маълумотига кўра вилоятдаги 11 мингдан ортиқ юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектлари орасида “SARBONTEKS“ масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонанинг фаолияти алоҳида ўрин тутади. Сабаби, мазкур корхонада бугунги кунларда аҳоли учун жуда муҳим бўлган тиббий боғлов воситалари, хусусан, ҳимоя ниқоблари ишлаб чиқарилмоқда.
Карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда 198 нафар ишчи меҳнат қилаётган мазкур корхонада бир кунда ўртача 40 минг дона бинт, 14 400 дона ёки 800 килограмм тиббиёт пахтаси, 32 000 дона бошқа турдаги маҳсулотлар, жумладан 2 000 донадан ортиқ ниқоб тайёрланаётир. Қайд этиб ўтиш жоизки, юртимизда коронавирус аниқлангандан то бугунги кунга қадар бу ерда 120 минг дона тиббиёт ниқоби ишлаб чиқарилди. Эътиборлиси, “SARBONTEKS“ нинг экспорт кўрсаткичи ҳам йил сайин ошмоқда.
— Ўтган йилда 883.3 минг, 2020 йилнинг шу бугунги кунигача 361.1 минг, жами 1 миллион 244 минг АҚШ доллари миқдоридаги тайёр маҳсулотлар Қозоғистон, Озарбайжон ва Грузия каби давлатларига экспорт қилинди, — дейди корхона раҳбари Баҳодир Юлдашов. — Корхона даромади ҳам шунга яраша кўпайиб, бу йил ишлаб чиқариш суръатларини бир неча баробарга оширишни режа қилганмиз.
Корхонанинг истиқболли лойиҳаларни амалга ошириши натижасида ишлаб чиқариш суръатлари ривожланган ҳолда давлат бюджетига қўшаётган ҳиссаси ҳам салмоқли бўлмоқда. Хусусан, 2019 йилда 335.9 миллион сўм солиқлар тўланган бўлса, 2020 йилнинг I чорагида қарийб 174.0 миллион сўм тўлов амалга оширилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг