Сирдарёда узум данагидан ёғ олинади

19:16 06 Декабрь 2021 Жамият
1868 0

Республика миқёсида ҳар йили  тахминан 60 минг тоннадан зиёд узум  қайта ишланади. Ушбу жараёнлардан йилига  ҳосил бўладиган 3 минг тонна узум уруғидан фойдаланиш самараси эса паст даражада.  Асосан  ем сифатида  чорвага бериб келинаётган бу хом ашё энди қимматли озиқ-овқат маҳсулотига айланади. Гап шундаки,  сирдарёлик тадбиркорлар инновацион ёндашув асосида узум уруғидан ҳам мой ишлаб чиқариш мумкинлигини амалда исботлашди. Айни чоғда ушбу лойиҳа Сирдарё туманида фаолият юритаётган «Бунёд голд» МЧЖ томонидан ишлаб чиқилиб, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилмоқда.

Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 10 та янги иш ўрни яратилади, йилига 500 тонна узум уруғи қайта ишланади ва ундан  ўртача жами  50 тонна (10%) ёғ  олинади.Лойиҳага кўра мой олингандан кейин ҳосил бўладиган кунжара чиқиндисини ҳам қайта ишлаш имконияти мавжуд.

— Узум уруғидан инсон саломатлиги учун фойдали фармацевтика ва косметология соҳасида қўлланиладиган экспортбоп мой ишлаб чиқарилади, — дейди «Бунёд голд»  МЧЖ раҳбари Шердор  Яриев. — Маҳсулотнинг 70-80 фоизи  экпортга йўналтирилади. Ушбу маҳсулотларга Россия, Туркия, Европа давлатларида талаб юқори даражада.

Эътиборлиси, узум данагидан олинган мойда биофлавоноид, Е ва С дармондорилари, рух ҳамда селен каби инсон организми учун фойдали жуда кўп элементлар бор.  Таркибида яна мустаҳкам табиий антиоксидант мавжуд бўлиб, у лимфа томирларининг эгилувчанлигини оширади. Бундан ташқари, организмда холестерин моддаси кўпайиб кетишининг олдини олади.Яна бир хусусияти, организмда энди бошланган гипертонияни даволайди. Узум мойидан ҳар тонг бир чой қошиқ ичилса, юрак-қон томири касалликлари, атеросклероз ва артрит хасталикларига шифо бўлади. Шунингдек, мазкур мой иммунитетни кўтариш хусусиятига ҳам эга экан. Бу эса турли юқумли касалликларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Узум данагидан олинган мой организмни тўйинмаган ёғ кислотаси, энзим, хлорофилл, калий, натрий ва темир билан озиқлантиради, инсульт, инфаркт, тромбоз ва купероз касалликларидан халос бўлишга ёрдам беради. Ушбу ажойиб восита яллиғланган ғудда, ҳуснбузур, кесилган ва куйган, битиши қийин кечадиган яраларни даволашда ҳам қўлланилади, дейишмоқда мутахассислар.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер