Сирдарёда сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш кўлами кенгаймоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Ўтган беш йилда Сирдарё вилоятида 51 минг гектар майдонда сув тежовчи технология жорий қилинди. Жумладан 11 минг гектардан ортиқ майдонда томчилатиб, 400 гектарда ёмғирлатиб, 5620 гектар пахта майдонларида дискрет суғориш ҳамда 30 минг гектар майдонда лазерли текислаш ишлари амалга оширилди.
Ҳисоб-китобларга қараганда, 12 фоиз экин майдонларида сувни тежовчи технологиялар жорий этилиши билан вегетация даврида вилоят бўйича 65 миллион куб сув иқтисод қилинади ва қўшимча 10 минг гектардан ортиқ майдондаги такрорий экин учун сув захираси яратилади.
Шунингдек, минерал ўғитлар сарфи 20 фоизгача, ёқилғи мойлаш маҳсулотлари 35 фоизгача, механизация харажатлари 30 фоизгача қисқаришига эришилади. Ўртача ҳосилдорликни эса 45-60 центнердан ошириш мумкин бўлади.
— Сув танқислиги инобатга олиниб жорий йилда Сирдарё вилоятида сувни тежайдиган технологиялар орқали 2600 гектарга яқин пахта майдонларида томчилатиб суғориш тизимларини қайта ишга тушириш учун қурилиш монтаж ишлари олиб борилмоқда, —дейди Қуйи Сирдарё ирригация тармоқлари ҳавза бошқармаси матбуот котиби Санжар Тошпўлатов. — Энг асосийси, мамлакатимиз, хусусан вилоятимизда ушбу тизим учун ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш кўрсаткичи ҳам йил сайин ортиб бормоқда.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг