Сирдарёда инсультга чалинган беморнинг ички уйқу артериясида стентлаш амалиёти йўлга қўйилди

17:50 23 Ноябрь 2023 Жамият
301 0

Фото: “Халқ сўзи”

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилояти ҳудудий филиалида рентгенендовакуляр хирургия бўлими фаолият бошлагандан буён айни кунгача мазкур муассасанинг эндоваскуляр жарроҳлари томонидан инфарктга чалинган беморлар, уларнинг коронар қон томири, уйқу, оёқ, сон, қорин, умров суяк, буйрак артериялари билан боғлиқ бир қанча мураккаб, юқори технологик ташхислаш ва даволаш ишлари йўлга қўйилганди.

Яқинда сирдарёлик эндоваскуляр жарроҳ, Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Хуршид Ҳакимов бошчилигида яна бир юқори технологик амалиётга қул урилди. Яъни, 1957 йилда туғилган, икки бор шу касаллик асоратларини бошидан ўтказган беморнинг ички уйқу артериясида мураккаб ва юқори технологик стентлаш амалиёти ўтказилди.

— Бу турдаги амалиёт анча мураккаб бўлиб, бемор ички уйқу томирига қуйиладиган стент тузилиши жиҳатидан коронар қон томирларга қуйиладиганларидан тубдан фарқ қилади, — дейди эндоваскуляр жарроҳ Хуршид Ҳакимов. — Яъни, бу стентлар ўзи очиладиган ҳисобланиб, амалиёт вақтида мия қон томирларига фильтр ўрнатиш йўли билан бажарилади ва ушбу турдаги амалиётлар ишемик инсультни олдини олиш учун қилинади.

Эътиборли жиҳати, шу вақтгача ички уйқу артерияси билан боғлиқ амалиётлар Тошкентдан ва хориждан келган мутахассислар ёрдамида қилинган бўлса, эндиликда уни сирдарёлик эндоваскуляр жарроҳларнинг ўзлари бажаришаётир. Айтиш лозимки, уйқу артерияси билан боғлиқ амалиётдан сўнг сирдарёлик рентгенендовакуляр жарроҳларининг юқори технологик жарроҳлик муолажалари сони 31 тага етди. Умумий бажарилган амалиётлар эса 3 минг тага яқинлашди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер