Сирдарёда электр қармоқ билан балиқ овлаганлар 495 млн сўм зарар етказди
Сирдарё вилоятида ноқонуний усуллар билан балиқ овлаганлар ҳайвонот дунёсига 495 млн сўм зарар етказгани аниқланди. Бу ҳақда Экология вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, Сирдарё вилоятида тақиқланган ов қуроллари билан балиқ овлаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида тезкор рейд тадбири ўтказилган. Рейд давомида Сирдарё дарёсидан чиқиб келаётган «Москвич» инспекторлар томонидан кўздан кечирилганда, автотранспорт воситаси юкхонасидан 1 дона балиқ овлашга мўлжалланган электр қармоқ, 1 дона резина қайиқ, 3 дона аккумулятор ҳамда умумий ҳисобда 19 дона балиқ борлиги аниқланган.
Овланган балиқлар орасида 2 дона оқ амур, 7 дона оққайроқ, 9 дона товонбалиқ ҳамда Қизил китобга киритилган 1 дона Туркистон мўйловдори бўлган. Улар ноқонуний равишда электр қармоғи ёрдамида Сирдарё дарёсидан овлангани маълум бўлган.
Ҳолат юзасидан ҳайвонот дунёсига 495 млн сўм зарар етказилган.
Барча ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг