Сирдарёда бу йил давлат тилида иш юритиш бўйича 450 нафар раҳбар-ходимнинг малакаси оширилади
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмасида 2025 йил давомида «Ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш» курсида вилоятдаги муассаса, ташкилот, бошқарма ва бирлашмаларнинг 443 нафар раҳбар-ходими малака оширди.
— Давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш, ўзбек тилини сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда тўлақонли жорий этишда раҳбар-ходимларнинг малакасини ошириш муҳим аҳамиятга эга, — дейди Сирдарё вилояти ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Ғайбулла Юсупов. — Таҳлиллардан маълум бўлмоқдаки, мазкур малака ошириш курсларида ўқиб-ўрганган раҳбар-ходимлар фаолият юритаётган ташкилотларда давлат тилида иш юритиш сифати қонун ва белгиланган асослар даражасида яхшиланди. Раҳбар-ходимларни малакасини ошириш орқали ёзма саводхонлик маданияти ҳам кенг тарғиб қилинмоқда. Хусусан, малака оширишга жалб қилинганлар ўзбек тилида диктант ёзиш йўли орқали имло саводхонлиги бўйича ўз билимларини текшириб кўриш имкониятига ҳам эга бўлмоқда.
Сирдарё вилояти бўйича 2026 йилда иш юритиш ҳужжатларига масъул бўлганлардан 450 нафари мазкур малака ошириш курсларида ўқитилади.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг