Сирдарёда боғдорчилик саноатлашган тизимга ўтказилмоқда
Сирдарё вилоятида бу йил боғдорчиликда катта бурилиш бўлиши кутилаётир. Гап шундаки, ушбу соҳа саноатлашган интенсив тизимга ўтказилмоқда. Айни мақсад йўлида жорий йилда 2000 гектар янги интенсив боғ ва токзорлар барпо этилмоқда.
— Таҳлиллар шуни кўрсатдики, вилоятдаги мавжуд боғларнинг аксарияти маънавий эскирган ва кутилган ҳосилни бермаяпти, — дейди Агросаноатни ривожланиш агентлиги Сирдарё вилояти бўлими бошлиғи Акмал Қултоев. — Шу боис, айни пайтда асосий урғу сифат ва юқори ҳосилдорликка қаратилаётир. Илгари кўчат экиш фақат эрта баҳор ёки кеч куз билан чекланган бўлса, бугун вилоятимизда бу борадаги агротехнологиялар ўзгарди. Эндиликда йил давомида боғ яратиш имконияти мавжуд. Хусусан, апрель ойида ҳам, кўчат экиш тўхтагани йўқ. Гап шундаки, ёпиқ илдизли кўчат тайёрлаш технологияси туфайли апрель тугул бошқа иссиқ ойларда ҳам ниҳол экиб, уни амал олдириш мумкин бўлаётир. Шунингдек, томчилатиб суғориш тизими натижасида ҳам эндиликда йил давомида боғ барпо этиш имконияти яратилди.
Айтиш лозимки, яқинда айни масалага бағишланган йиғилишда Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов боғдорчилик фақат кўчат экишдан иборат бўлмаслиги кераклигини таъкидлаб, соҳа мутасаддиларига эндиликда ҳар бир туманда «Ишлаб чиқариш-сақлаш — қайта ишлаш — экспорт» тамойили асосида яхлит занжир яратилиши бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг