Сирдарё вилоятида қарийб 60 фоиз ҳосил пахта териш машиналари ёрдами саранжомлаб олинди

14:56 10 Октябр 2023 Жамият
612 0

Фото: “Халқ сўзи”

Вилоятда жорий йилда  271 минг тоннадан ортиқ пахта саранжомлаб олинди. Ҳосилдорлик 37 центнерга етди. Энг қувонарлиси,  ҳосилнинг 60 фоизга яқини замонавий терим агрегатлари ёрдамида йиғиб олинди.  Бунинг учун фермер ва кластерлар ҳисобидаги мавжуд 192 та пахта териш комбайнлари мавсумга жалб қилинди. Қайд этилишича, 2024 йилда вилоят пахтасининг 70 фоизини техника ёрдамида териб олишга эришилади.

Деҳқонлар ва мутахассисларнинг таъкидлашича, Сирдарё шароитида пахтачиликда бундай юқори ҳосилдорликка эришиш катта натижа ҳисобланади. Вилоятда ўтган йилнинг кузидаёқ ерга маҳаллий ўғит — компос солишга жиддий ёндашилди.  Шўр ювишга алоҳида эътибор қаратилди. Яна муҳим жиҳат, тупроқ-иқлим шароитига мос навларнинг танланганидир. Ғўзани навлар бўйича жойлаштиришда аввало ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити, сув таъминоти ҳамда соҳанинг етакчи олим ва мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, шунингдек, кластер корхоналари таклифлари инобатга олинди.

Эътиборли жиҳати, 6 минг 200 гектар майдонда янги навлар синовдан ўтказилди. 1 минг 656 гектар майдонда томчилатиб суғориш усули жорий этилди. Ғўза парвариши ҳам илғор тажрибалар асосида тизимли ташкил этилди. Кластер корхоналари томонидан минерал ўғитлар захираси тўлиқ яратилганлиги ҳамда фермер хўжаликларига узлуксиз етказиб берилиши яхши самара берди. Дефолиациянинг ўз муддатида ва сифатли ўтказилганлиги ҳисобига етиштирилган ҳосилнинг ёғингарчилик кунларга қолмай йиғиштириб олиш имконияти яратилди.

Кластер корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масаласига ҳам устувор вазифа сифатида қаралди ва жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 30 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 60 га яқин қишлоқ хўжалиги техникалари олиб келинди. Пахтани қисқа муддатларда сифатли қилиб териб олиш учун 904 та терим отрядлари шакллантирилди.  Сайхунобод, Гулистон ва Ховос туманларида ҳосилдорлик юқори бўлди. Шунингдек, Сирдарё, Мирзаобод туманлари фермерлари ҳам бу йилги шароитда мўл хирмон кўтариб, яхши даромад олишни мўлжаллашмоқда.

Терим давом этмоқда. Сирдарёда пахта ҳосилдорлигини 40 центнерга етказиш кўзда тутилган. Бу эса фермерлар учун ҳар йилгидан кўра, кўп даромад келтиради.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер