«Сирдарё вилояти топонимлари» китоби нашр этилди
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Янги нашр этилган мазкур китоб Сирдарё вилояти топонимларини ўрганишга бағишланган. Унда топонимика фанининг асосий таркибий қисмлари бўйича тушунчалар, соҳага оид илмий изланишлар тарихи, топонимиканинг ўзига хос хусусиятлари ва тадқиқот методлари баён қилиниб, Сирдарё вилояти гидро, оро, фито, этно, антропоойконимларга таъриф берилган. Ҳудудга тегишли қисқача топонимик луғат (250 дан ортиқ жой номлари) келтирилган.
— Сирдарё вилояти табиий географик ҳолати ва топонимиясига кўра, бошқа вилоятлардан катта фарқ қилади, — дейди вилоят ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Ғайбулла Юсупов. — Вилоят ҳудуди асосан текисликлардан иборат. Тоғу қирлар йўқ. Табиий сув объектлари кам. Шу боис, табиий-географик топонимлари ҳам оз. Борлари ҳам лексик жиҳатдан ранг-баранг эмас. Маълумки, Мирзачўлни ўзлаштиришда республикамизнинг барча ҳудудлари аҳолиси вакиллари иштирок этган. Буни бугун вилоят ҳудудидаги Андижон, Зомин, Наманган, Нурота, Сангзор, Фарғона, Қорақишлоқ (Усмат) каби топонимлардан билса ҳам бўлади.
Китобда келтирилишича, шунингдек, Боёвут, Жулангар, Мирзачўл, Сардоба, Совот, Ховос, Хўжамушкент, Шўрўзак каби ҳудуд учун характерли номлар ҳам йўқ эмас.
Китобда этнотопонимларга, яъни, уруғ, эл-элат номлари билан аталган топонимларга ҳам алоҳида аҳамият берилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг