Сирдарё вилояти ҳокими оталар учун мажлис ўтказди

15:43 13 Февраль 2024 Жамият
538 0

Мактабларда “Ота-оналар мажлиси” деб айтилсада, одатда унда асосан оналар иштирок этарди. Зеро, фарзандининг ўқиши, ахлоқидан отанинг ҳам бевосита хабардор бўлиши мактаб ва оила ўртасидаги узвий алоқани мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Яқинда Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев иштирокида ўтказилган “Оталар мажлиси”дан кўзланган мақсад ҳам аслида уларни фарзанд тарбиясига кўпроқ жалб қилишга қаратилган эди.

Унда вилоятдаги барча умумтаълим мактаблари юқори синф ўқувчиларининг оталари қатнашди. Видеоконференсалоқа шаклида ўтган тадбир мавзуси оталарнинг фарзандлари таълим-тарбиясидаги ролини янада ошириш, бунда уларни мактаб ҳаётига фаол жалб қилишга қаратилди.

— Менинг эгизак фарзандларим – Фотима ва Ҳусан туманимиздаги 13-мактаб битирувчилари, — дейди Мирзаобод туманидаги Оқолтин маҳалласида яшовчи Фарҳод Сотволдиев. — Рости, шу вақтгача бўлган ота-оналар мажлисида жуда кам қатнашганман. Бундай тадбирларга асосан турмуш ўртоғим борарди. Шу ўринда айтишим керакки, “Оталар мажлиси” ташкил этилгани жуда яхши бўлди ва бу, оталарнинг мактабда ўқиётган фарзандларининг таълим-тарбиясига янада масъулият билан ёндашишларига хизмат қилади. Қолаверса, “Оталар мажлиси” “Мактаб — ота — она — маҳалла” ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга деб ўйлайман.

Сирдарё вилоятида ўтказилган “Оталар мажлиси”да 20 472 нафар ота иштирок этди ва мазкур тадбирни мунтазам ўтказиб бориш белгилаб олинди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер