Сирдарё вилояти ҳокими Малайзияда йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказмоқда
Айни кунларда Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги вилоят делегацияси Малайзия пойтахти — Куала-Лумпур шаҳрида хизмат сафари билан бўлиб турибди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Хизмат сафари дастуридан Малайзиянинг қатор йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиш, шунингдек, сирдарёлик ва малайзиялик тадбиркорлар иштирокида «Сирдарёда бизнес қилинг!» шиори остида бизнес-форум ташкил этиш ўрин олган. Унда ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Вилоят ҳокимининг Куала-Лумпурдаги дастлабки учрашуви Amli Mountain (M) Sdn. Bhd. компанияси таъсисчиси Жаясимман Жаясингҳам билан бўлиб ўтди. Музокаралар давомида рақамли технологиялар, тиббиёт ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари батафсил муҳокама қилинди. Учрашув якунида томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Эслатиб ўтиш жоизки, Сирдарё вилояти делегацияси мазкур хизмат сафари доирасида Жанубий Корея ва Японияда ҳам бўлиб, ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор музокаралар ўтказган ҳамда кенг кўламли келишувларга эришган.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг