Сирдарё вилояти делегациясининг Хитойга сафари самарали ўтмоқда
Шу кунларда Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегация амалий сафар билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди. Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича сафар давомида кўплаб амалий мулоқотлар ўтказилиб, истиқболли ва самарали ҳамкорлик келишувларига эришилаётир.
Сирдарё — Тяньцзинь: амалий ҳамкорлик кенгаймоқда
Делегациянинг Тяньцзинь шаҳри раҳбарияти билан бўлиб ўтган мулоқотида ҳудудлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, аниқ лойиҳаларни жадаллаштириш ва ўзаро манфаатли йўналишларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
“Сирдарё – Тяньцзинь савдо-иқтисодий ва инвестиция форуми” юқори даражада ташкил этилди. Унда 700 га яқин хитойлик тадбиркорлар ҳамда 50 га яқин сирдарёлик ишбилармонлар иштирок этиб, уларга тўғридан-тўғри мулоқот ва янги келишувлар учун қулай ва самарали майдон яратилди.
Тяньцзинь енгил саноат касбий-технологик коллежи билан мутахассислар тайёрлаш, илғор тажрибаларни жорий этиш ва таълимни ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш бўйича келишувларга эришилди.
Саноат ва ишлаб чиқариш йўналишида бир қатор компаниялар билан музокаралар ўтказилди. Жумладан, спорт анжомлари, қурилиш материаллари, енгил саноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича музокаралар ўтказилди.

Хитойлик компаниялар раҳбарлари билан ўтказилган давра суҳбатида Сирдарё вилоятининг инвестиция имкониятлари тақдим этилди. Қатор компаниялар вилоятга келиб, лойиҳаларни жойида ўрганишга қизиқиш билдирди.
Сирдарё делегацияси — Шэньчжэньда: амалий келишувлар ва янги лойиҳалар
Шэньчжэнь музофотида “Сирдарё – Шэньчжэнь савдо-иқтисодий ва инвестиция форуми” ўтказилиб, унда Хитойнинг 400 дан ортиқ компаниялари, Сирдарё вилояти ишбилармон доирасидан қарийб 50 нафар вакил ҳамда провинция расмийлари иштирок этди. Форум ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва янги лойиҳаларни илгари суриш учун муҳим платформага айланди.
Шунингдек, етакчи компаниялар раҳбарлари иштирокида “Давра суҳбати” ташкил этилди. Унда ишлаб чиқариш, логистика ва инновацион технологиялар соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, Fufeng Electronic Technology, Shenzhen Guangsheng Sports, Donghua Electronic Technology, Aimeite Electric, Dongwan Libao Resin, Beiyujun Intelligent Technology, Shenzhen Yuchuan Group, Kaisbo Elevator, Qingyuan Xuerui ва Shenzhen Haiduo Logistics каби компаниялар вакиллари мулоқотда фаол иштирок этиб, қўшма лойиҳалар бўйича ўз таклифларини илгари сурдилар.

Йирик саноат ва технология компаниялари билан алоҳида учрашувлар ташкил этилди. Замонавий ишлаб чиқариш, сув таъминоти ва саноат инфратузилмасини ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди. Айрим компаниялар томонидан Сирдарёда амалга ошириш таклиф қилинган лойиҳаларни жойида ўрганиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Шу билан бирга электротехника ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Сирдарё – Гонконг: ҳудудлараро ҳамкорлик янги босқичда
Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди ижро ҳокимияти раҳбари Джон Ли Качиу билан учрашувида асосий эътибор ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига қаратилди.
Томонлар савдо-логистика, саноат, инновациялар, ахборот технологиялари ва туризм соҳаларида ўзаро ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилишди.

Шунингдек, инвестиция компаниялари орқали маҳаллий ҳамкорлар билан биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш, стартаплар ва сунъий интеллект соҳасида ҳамда таълим йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдирди.
Сирдарё – Ҳонконг: HKGCC билан амалий ҳамкорлик муҳокама қилинди
Бугун Эркинжон Турдимов Ҳонконг шаҳрида Ҳонконг Бош Савдо Палатаси раиси Агнес Чан хоним билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Сирдарё вилояти делегацияси ҳамда палата раҳбарияти ўртасида ҳудудлараро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумки қилинганидек, Ҳонконг Бош Савдо Палатаси (HKGCC) Ҳонконгдаги энг йирик ва нуфузли бизнес ташкилотлардан бири бўлиб, 1861 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда у 2000 дан зиёд компания ва ташкилотларни бирлаштирган ҳолда халқаро савдо, инвестиция ва бизнес муҳитини ривожлантиришда муҳим платформа вазифасини бажармоқда.

Мулоқот давомида транспорт ва логистика, туризм, ахборот технологиялари йўналишларида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ҳонконг компанияларини Сирдарё вилоятига жалб қилиш ҳамда икки ҳудуднинг савдо-саноат палаталари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатиш таклиф этилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли алоқаларни изчил ривожлантириш ва аниқ лойиҳалар асосида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг