Синовли дамларда иш суръати бир муддат ҳам туширилгани йўқ

10:02 23 Апрель 2020 Иқтисодиёт
1390 0

Коронавирус пандемиясининг асоратлари жонажон Ўзбекистонимизни ҳам четлаб ўтмади. Давлатимиз раҳбари бошчилигида пандемияга қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш, одамларимизнинг касалликни юқтириб олиш эҳтимолини имкон қадар чегаралаш, вирусли инфекциянинг тарқалишини жиловлаш, бу офатдан халқимизни асраш бўйича таъсирчан чоралар ўз самарасини бермоқда.

Бугун ҳаммамиздан ушбу хавф-хатарнинг оқибатларини чуқур ҳис этиб, масъулият билан пандемияга қарши биргаликда курашиш, қўйилаётган талабларга қатъий риоя этиш, зарурат бўлмаса кўчага чиқмасдан уйда қолиш талаб этилади. Зеро, мамлакатимизда, дунё давлатларида вазият ҳамон қалтислашиб, эҳтиёткорлик чоралари доимий эътиборимизда бўлиши ва карантин режимига риоя этишимиз билан наинки ўзимиз балки ўзгаларнинг ҳаётини хавф остига қўймасликнинг ягона йўли бўлиб қолмоқда.

Шак-шубҳасиз, бу офатнинг кириб келиши ва давом этаётгани нафақат одамларимиз ҳаётига хавф солибгина қолмай, иқтисодиёт тармоқларига ҳам ўз таъсирини кўрсатиши тайин. Буни, айниқса биз ишлаб чиқариш тармоқлари вакиллари чуқур ҳис этишимиз, иш суръатини бир муддат ҳам туширмасдан, бор шижоатимиз билан ушбу синовли даврда фидойилигимизни намоён этишимиз керак. Бу, халқимиз, давлатимиз олдидаги ҳар биримизнинг муқаддас фуқаролик бурчимиз ва мажбуриятимиздир.

Айни шу ташвишли кунларда ҳам юртимизнинг куч-қудрати ўсишида, унинг равнақи ва салоҳияти йўлида самарали натижаларга эришиб келаётган НКМК Марказий кон бошқармасининг 30 га яқин бўлинмаларида 17,5 минг нафардан ортиқ малакали мутахассис, ишчи-ходимлари бу масалага жиддий ёндашиб, бирдамликда ишламоқдалар. Бунинг натижасида ўз фаолиятларини янги босқичларда юксалтириб бораётган меҳнаткаш жамоа ишлаб чиқариш ва бунёдкорликдаги улкан ютуқлар ва муваффақиятлар билан юқори кўрсаткичда иш олиб бораётир. Жорий йилнинг биринчи чораги кўрсаткичлари жамоамизнинг сермаҳсул ва самарали фаолият юритаётганидан далолат беради. Республикамиз хазинасига олтин етказиб бериш буюртмаси ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан 100,5 фоизни ташкил этди. Кумуш ишлаб чиқариш ҳажми ҳам сезиларли даражада ортди. Шунингдек, жорий йилнинг биринчи чорагида тасдиқланган “Йўл харитаси” бўйича олиб борилган ишлар натижасига кўра маҳсулот ишлаб чиқариш таннархини камайтириш 102,9 фоизга бажарилди. Бунда, энергоресурслар истеъмолини қисқартириш, хом-ашё ва материаллардан самарали фойдаланиш, технологик жараёнларда йўқотишларни камайтириш, меҳнат унумдорлигини ошириш йўли билан ва бошқа ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ҳисобига анча маблағ тежалишига эришилди. Шу билан биргаликда бошқармамиз томонидан умумий товар ишлаб чиқариш ҳажми 100,3 фоизни ташкил этди.

Шунингдек, Юртбошимиз томонидан қабул қилинган комбинатни ривожлантиришнинг 2017-2026 йилларгача бўлган даврга мўлжалланган дастурини муваффақиятли рўёбга чиқариш, Марказий кон бошқармаси тизимида янги корхоналарни ишга тушириш, мавжудларини модернизация қилиш ва кенгайтириш асосида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш борасида узлуксиз ва тизимли бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Жорий йилда йирик инвестицион лойиҳалар доирасида 2-гидрометаллургия заводи қувватини кенгайтириш бўйича яна бир рудани қайта ишлаш бўлими фойдаланишга топширилди. Қисқа муддат ичида ишга туширилган мазкур бўлимда уч ой давомида 437 минг 770 тонна руда қайта ишланди. Шунингдек, “Мурунтов” конини ўзлаштиришнинг 5-навбатида 13,3 млн метр куб кон массаси қазиб олинди. Яна йирик инвестицион лойиҳалардан бири 7-Гидрометаллургия заводи негизида техноген чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуасининг биринчи навбати апрель ойида ишга туширилиб,рудани қайта ишлаш ҳажми белгиланган режа асосида амалга оширилмоқда. Айтиш жоизки, лойиҳа якунида йилига 15 миллион тонна техноген чиқиндиларни қайта ишлаш қувватига эга бўлган улкан саноат мажмуаси яратилади. Бу эса ўз навбатида қўшимча 1150 дан ортиқ янги иш ўринлари очилишига имкон яратади.

Шу ўринда айтиш ўринлики, Ўрта Осиёда ягона бўлган, “Таркибидаги қимматли металлни ажратиш учун майдаланган маъданни кислород ва оҳак ёрдамида ишлов бериш” технологияси 5-Гидрометаллургия заводида татбиқ этилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳа 2022-йилнинг декабрь ойида тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда Зарафшон қурилиш бошқармаси томонидан 5-ГМЗни қуриш жадал суръатларда амалга оширилмоқда. 2020-йилда чел эл банкларининг кредитлари ҳисобидан ушбу завод қурилиши учун 100,1 млн доллар миқдоридаги капитал қўйилма маблағлари ўзлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, 2020 йилга ажратилган маблағнинг 19.8% ига қурилиш ишлари бажарилиб, жаҳоннинг етакчи компанияларида ишлаб чиқарилган техника воситалари ва технологиялари олиб келинди.

Карантин шароитида жамоа соғлиги ҳимоя қилиш йўлида хавфсизлик ва санитария қоидаларига тўла амал қилган ҳолда, белгиланган тартибда 3-сонли тиббий-санитария қисми ва бошқа масъул идоралар билан биргаликда корхоналар ходимларини тизимли равишда тиббий кўрикдан ўтказиб, мунтазам дезинфекция ишлари олиб борилмоқда. Ишчи-хизматчиларимизни ушбу мураккаб шароитда тартиб-интизомли бўлишга, карантин ва гигиена қоидаларига риоя этилиши таъминланмоқда. Энг муҳими, бугунги кунда юртимиз иқтисодиётида бизнинг корхоналаримиз ва биз ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг ўрни нақадар беқиёслигини чуқур ҳис этиб, иш суръатини бир муддат ҳам туширганимиз йўқ. Корхоналаримиз шиддат билан ўз фаолиятларини давом эттиряпти. Ушбу масъулиятли йўлда бор имкониятларни ишга солиб, белгиланган режаларни ортиғи билан адо этиш бизнинг бош мақсадимиздир. Бунинг учун бизда барча куч ва имкониятлар етарли.

Отабек МУСТАҚИМОВ,

Марказий кон бошқармаси директори,

Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер