Сингапур компанияси Фарғона вилоятида сув ресурслари учун ақлли технологияларни жорий этади

00:51 09 Декабрь 2023 Жамият
265 0

Фото: “Халқ сўзи”

Фарғона вилояти ҳокимлигида Сингапурнинг “Exciton Systems” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда вилоятда қишлоқ хўжалиги соҳасида сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш учун ақлли технологияларни жорий этиш масаласи кўриб чиқилди.

Хабарингиз бор, кейинги йилларда бутун дунёда, хусусан, юртимизда ҳам сувга бўлган талаб ва эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Сайёрамизда сув танқислиги кузатилаётган ҳозирги вазиятда мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланиш тубдан ислоҳ қилиниб, соҳага инновацион технологияларни жалб этишга катта эътибор қаратилаётир.

Шу мақсадда вилоят ирригация тизимларини янгилашда “Exciton Systems” компанияси билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Айни жараёнда компания мутахассислари томонидан сувнинг ҳисобини юритиш, сув ҳажмини мониторинг қилиш, таҳлилий маълумотлар жамлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги учун янги бўлган башоратлаш тизими фаолиятини шакллантириш мақсад қилинган.

— Эътиборлиси, компания ўз технологияларини жорий этиш жараёнини ўзи молиялаштиради, — дейди “Сирдарё – Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мутахассиси Ҳамиджон Бурҳонов. — Учрашувда компания вакилларининг ушбу технологиялар жорий этилган мамлакатларда уларнинг нечоғли самарали ишлаётганини кўриш мақсадида вилоят делегацияси ташрифини ташкил этиш таклифи маъқулланди.

Айнан ўрганиш натижалари асосида икки томонлама ҳамкорлик бўйича музокаралар давом эттирилади.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер