Сифатли керамика маҳсулотлари хориж бозорларида ҳам ўз ўрнини топмоқда

14:42 18 Ноябрь 2021 Жамият
898 0

Фото: "Халқ сўзи"

Бунёдкорлик ишлари қурилиш саноати ривожига ҳам туртки беради. Яъни қанчалик қурилиш кўп бўлса, бундай маҳсулотларга эҳтиёж ҳам ортиб бораверади. Бозорда рақобат шаклланиб, харидорларда танлаш имконияти ошади. Эътиборлиси, бугун Ўзбекистонда бу бозор шаклланган ва юртимизда ишлаб чиқарилаётган қурилишбоп ашёлар нафақат ички, балки ташқи бозорларда ҳам ўз ўрнини топиб улгурган. 

Таҳлилларга кўра, январь-октябрь ойларида республикамиздаги мавжуд саноат корхоналарида жами 24 млн. 221 минг метр квадрат керамик плиткалар ишлаб чиқарилган. Шундан 14 млн. 224 минг метр квадрат маҳсулот “Ўзсаноатқурлишматериаллари” уюшмасига аъзо корхоналарга тегишлидир.  Энг кўп маҳсулот — 5 млн. 564 минг метр квадрат керамика Фарғона вилоятидаги “Moderna Ceramic Industries Ferghana” масъулияти чекланган жамиятида тайёрланган бўлса, кейинги ўринларни Сирдарё вилоятидаги "Sirdarya Ceramic Production" ҳамда Самарқанд вилоятидаги “Prime ceramics” корхонаси  банд этди. Икки корхонада мос равишда 3,06. млн., ва  2,9 млн. метр квадрат керамика маҳсулотлари мижозларга етказиб берилган.

Шунингдек, “National Caramics”, “Great wall ceramic industries”, “Orient-ceramic”, “Premium elegant ceramics”, “Lyux Granit”, "Нодир Керамикс", "Peng Sheng”, “Флэт Тайл” каби корхоналарда тайёрланган маҳсулотлар ҳам  харидорлар орасида анча машҳур.

Яна бир эътиборга молик жиҳати, январь-сентябрь ойларида корхоналар томонидан 43 млн. долларлик керамик плиткалар экспорт қилинган. Бу борада “Prime ceramics”, “Orient-ceramic” ва “Moderna Ceramic Industries Ferghana” МЧЖлар кўрсаткичларb юқори. Миллий маҳсулотларимизнинг энг кўп харидори Қозоғистон Республикаси ҳисобланади.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан пойтахтимиздаги “Orient-сeramic” масъулияти чекланган жамиятига ташкил этилган пресс-турда шулар хусусида маълумот берилиш баробарида, оммавий ахборот воситалари вакиллари корхона фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Чилонзор туманидаги саноат зонасида 3,6 гектар ҳудудда жойлашган корхона 2019 йил июль ойида ўз фаолиятини бошлаган. Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 14 млн. доллар бўлиб, йилига 3 млн. квадрат метр керамик маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятига эга.

Аҳамиятлиси, масъулияти чекланган жамият маҳсулотлари деярли 100 фоиз маҳаллий хомашёдан тайёрланади. Шу боис корхона кафеллари ички бозорга хорижникидан бир неча баробар арзон нархларда чиқарилмоқда. Айни пайтда унинг 30 фоиздан ортиғи Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистонга экспорт қилинмоқда.

Корхона фаолияти билан танишар эканмиз, бир ҳолат, яъни ишлаб чиқариш жараёнига деярли инсон аралашмаслиги диққатимизни тортди. Барча иш авоматлаштирилган тизим орқали бошқарилади. Катта дастгоҳ ёки линияни бир-икки киши назорат қилади, холос.

— Бундан ташқари, бизда иш бир зум ҳам тўхтаб қолмаслиги керак, — дейди цех бошлиғи Азиз Ишонхўжаев. — Чунки ишни вақтинча тўхтатиб қайтадан бошлаш катта харажат ва меҳнатни талаб этади. Бирор носозлик кузатилса, захирадаги имкониятдан фойдаланамиз. Шу аснода кунига 10 минг метр квадрат ишлаб чиқаришни ушлаб турамиз.  

Қайд этганимиздек, ҳозирги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳаллий керамик плиткалари дунёда ўз ўрнига эга. Боиси, ушбу маҳсулотларга нафақат маҳаллий ва жаҳон бозорида талаб ўсиб бормоқда. Жамият директори ўринбосари Азиз Жилоновнинг айтишича, бу омил уларни янада изланишга чорламоқда. Шу боис келгуси йилда Сергели туманида янги лойиҳа амалга оширилади. Бунинг учун хориждан технологиялар келтириб қўйилган. Монтаж ишларига баҳор фаслида киришилади. Шунда корхонада керамик гранит ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу қўшимча даромад ва янги иш ўринлари яратилади, деганидир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер