Сифат ва меъёрга эътиборли бўлинг!

16:27 15 Ноябрь 2019 Жамият
1308 0

Иллюстратив фото

2019 йил 14 октябрда “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 866-сонли қарори қабул қилинди. Унга кўра, қолипли нон мамлакатимиз ички бозорларида эркин нархда сотилиши белгиланди.

“Ўзстандарт” агентлиги тарқатган маълумотга кўра, қолипли нон маҳсулоти белгиланган стандарт талабларига мос келиши керак. Хусусан, мувофиқ шаклга эга, ортиқча қисмлар бўртиб чиқмаган бўлиши лозим. Сезиларли ёриқлар, ортиқча шакллар бўлмаслиги ҳам мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, ранги оч-сариқдан тўқ-жигарранггача бўлиши белгиланган. Таъми анъанавий нон мазасидан ўзгартирилиши стандарт талабларига зиддир. Ва албатта, қолипли нон маҳсулотлари яхши пишган ҳолда савдога чиқарилиши шарт. Бунда эластиклик даражаси бармоқ билан енгил босганда ўз шаклига қайтиши лозим.

Қайд этилишича, қолипли нон маҳсулоти 500 граммдан 1,1 килограммгача массада ишлаб чиқарилиши мумкин.

Афсуски, тадбиркорлар томонидан чакана савдога қўйилган тайёр маҳсулот ушбу талабларга жавоб бермаслиги, нархлар эса асоссиз равишда оширилгани кузатилмоқда.

Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Жомбой туман давлат солиқ инспекцияси, жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ҳамда санитария-эпидемиология назорат маркази ходимлари билан Журият деҳқон бозорида назорат тадбири ўтказилди.

Аниқланишича, чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлар Г.Т., Г.Ҳ. ҳамда Д.Қ.лар қолипли нон савдосини йўлга қўйган. Ўрганиш натижаларига кўра, сотилаётган нон маҳсулотлари вазни давлат стандартидан 150 граммгача кам эканлиги ойдинлашди. Бундан ташқари тайёр маҳсулот сифати ва эластиклик даражаси ҳам давлат стандартига номувофиқ ҳолда сотилмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан тадбиркорларга камчиликларни бартараф этиш тавсия этилди.

Ҳозирги кунда Жомбой туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан аҳоли ўртасида қолипли ноннинг техник регламент талаблари тушунтирилмоқда. Истеъмолчи маҳсулот харид қилишда маҳсулотнинг мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилиш ҳуқуқи борлиги эслатилмоқда.

Ф.Бахриев,

Жомбой туман истеъмолчилар
ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер