Шундай яшар одатда одам...

17:04 11 Март 2022 Жамият
1029 0

Фото: Халқ сўзи

2021 йилнинг октябрь ойи. Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик қизғин паллага кирган. Худди ўша кунлари 5-Навоий округ сайлов комиссиясига кутилмаганда нидерландиялик халқаро кузатувчи келиб қолди (кейинчалик маълум бўлишича, у шу атрофдаги меҳмонхонага жойлашган, кечки сайрга чиқиб, шунчаки бирровга кирган экан).

Таржимон излаб девор-дармиён қўшни бино - Президент мактабига ўтдик. Навбатчи ўқитувчи вазиятни тушуниб, мактабнинг 9-синфида ўқиётган Ҳумоюн Жабборов билан учраштирди.

Халқаро кузатувчи инглиз тилида бийрон сўзлаётган Ҳумоюнни обдон саволга тутди. Ҳумоюн унга асли Навбаҳор туманининг Ғужбоғ қишлоғидан эканлиги, Навоий шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида ўқигани, ўтган йили вилоятдаги 6 минг нафар ўқувчи-ёшлар қаторида Президент мактабига кириш учун тест синовларини топширгани ва 144 нафар ёшлар сафида ўқишга қабул қилингани ҳақида сўзлаб берди.

— Мен ўқиган мактаб ва қишлоғимиз ораси қарийб йигирма километр, иккинчи синфдалигимдан ўқишга ўзим мустақил қатнаганман. Шаҳардаги Ёшлар марказида очилган информатика ва инглиз тили тўгаракларига қатнадим. Ўқиб-ўрганганларим қўл келиб, 2019 йили математика йўналишига ихтисослашган Қоракўл мактабининг Навоий филиалига тест синовларини муваффақиятли топширдим, — дея жавоб қилди Ҳумоюн ўшанда.

Кузатувчи уни тингларкан, елкасига қоқиб, инглизчада "Person should live like this" («Инсон шундай яшаши керак») деди ҳавас билан.

Ушбу воқеа Журналистлар ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан Навоий шаҳридаги Президент мактабига ОАВ вакиллари учун ташкил этилган пресс-тур сабаб ёдга тушди.

Ҳумоюнни мактабнинг биология лабораториясида учратдик. У фан олимпиадасига тайёргарлик кўраётган экан.

— Математика ва информатикадан анчагина билим олган бўлсамда, ушбу мактабга қабул қилингач, йўналишимни биологияга ўзгартирдим, — деди Ҳумоюн ўз қарорини изоҳлаб. — Сабаби, пандемия республикамизда биология фани, умуман, тиббиётнинг вирусология йўналишида изланиш ва тадқиқотларни талаб даражасида ривожлантириш кераклигини кўрсатди. Насиб этса, таълим даргоҳимизда биз учун яратилган шароитларга ўз муваффақиятларимиз билан жавоб берамиз.

Мактабда чиндан ҳам ёшларни ҳар томонлама етук - интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга, амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, юртнинг келажаги учун дахлдорлик ҳисси кучли, мақсад сари интилувчан шахслар сифатида тарбиялаш учун барча шарт-шароит яратилган.

Тадбирда иштирок этган журналистлар ушбу шароитлардан ҳам кўра бу ерда йўлга қўйилган замонавий таълимнинг мазмун-моҳияти, айниқса, ўқувчи-ёшларнинг қизиқишлари ва ҳаётий нуқтаи назарларига кўпроқ эътибор қаратишди. Зеро, кишида, энг аввало, юксак марралар ва унга эришиш йўлида ирода бўлмоғи жоиз. Қаҳрамон шоиримиз Абдулла Орипов ёзганидай, шундай яшар одатда одам...

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер