Шундай гўзал юртда тўйиб-тўйиб яшагинг келадида — Файзулла Бебутов
Гулшод Эрниязова бир умр ёшлар таълим-тарбияси билан шуғулланди. Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 24 — умумтаълим мактабида ишлади. Турмуш ўртоғи билан тўрт ўғил-қизни оқ ювиб, оқ таради. Улар ҳозир турли соҳаларда меҳнат қилишаяпти.
— Бири-биридан ширин етти нафар неварам бор, — дейди Гулшод опа. — Шогирдларим кўп. Қаерга бормай ҳурматимни жойига қўйишади. Барака топишсин. Шуларни ўйлаганингда умринг зое кетмаганини ҳис этаркансан, киши. Биласиз, қишлоқда яшашнинг гашти ҳам, қийинчиликлари ҳам бор. Туманимизда “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилаётганини эшитиб, шу манзилдан уй олиш фикрига келдик. Ҳозир турмуш ўртоғим ва набирам Сайфиддинжон билан шу массивдаги шинамгина икки хонали уйда турибмиз. Сизга айтсам, бу айни бизбоп турар-жой экан. Иссиқ. Яшаш учун қулай.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ барпо этилган бу гўшада одамларнинг ўз турмушларидан мамнун бўлиб яшашлари учун барча қулайликлар яратилган.

12 та кўп қаватли турар жой мажмуаси билан ёнма-ён 13 миллиард сўм маблағ эвазига қурилган уч қаватли, 330 ўқувчи ўрнига эга мактаб, шунингдек, 240 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, 100 қатновга мослаштирилган оилавий поликлиника, савдо шохобчалари шулар жумласидан. Яқин истиқболда бу ерда уйлар сони 70 тага етказилади.
— Ёшларимизга касб-ҳунар сирларини ўргатишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда, — дейди бу ердаги 53 — умумтаълим мактабининг технология фани ўқитувчиси Зулфия Холмуродова. — “Аkfa” ромлар ишлаб чиқариш, нон маҳсулотлари ҳамда тикувчилик цехлари шулар жумласидан. Мен раҳбарлик қилаётган тикувчилик цехида 10 та тикув машинаси бор. Қизларимиз ҳали мактаб партасидаёқ тикув-бичув сирларини ўрганиб, касб кўникмасига эга бўлишаяпти. Улар томонидан тайёрланган либосларга, сумкаларга буюртмалар тушмоқда.

— Туманимиз аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш, уларнинг замонавий уй-жойларга бўлган талабини қондириш борасидаги хайрли ишларга бош қўшиш мақсадида йирик лойиҳага қўл урганмиз, аниқроғи, “Қоракўл сити” турар-жой мажмуасини барпо этаяпмиз, — дейди “Қоракўл пресстиж” масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Аброр Бобоев. — Кўриб турганингиз бу 7,5 гектардан иборат ер қаровсиз ҳолда ётганди. Бу ҳудудда дренаж тизимини ўрнатиб, зах сувларга барҳам бериш чораларини кўрдик. Канализация тизими йўлга қўйилди. Дунё стандартларига жавоб берадиган монолит уйлар барпо этаяпмиз. Уларнинг дастлабки учта кўпқаватлиси субсидия асосида фуқароларимизга берилди.
Бу ерда яна ҳар бирининг лойиҳа-сметаси 23 миллиард сўм бўлган 11 та уй қурилади. Шунингдек, 240 ўринли мактабгача таълим ташкилоти ҳам фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Эътиборлиси, Қоракўл тарихида илк бор 8 қаватли турар-жойлар қад ростлади. Бу каби замонавий уйларда яшаётган ёш авлод вакилларининг ўқишлари, келгусида малакали кадр бўлиб етишишлари йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳам диққатни тортмасдан қолмайди.

— Ҳудудимиздаги бу каби ўзгаришлар, янгиланишларни кўриб, баҳри дилинг очилади кишининг, — дейди Қозон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 74 ёшли Файзулла Бебутов. — Мана, биргина ичимлик сув таъминотини олиб кўринг. Давлатимизнинг ғамхўрлиги билан туманимиз 100 фоиз марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланди. Энг чекка қишлоқларда ҳам водопровод жўмрагидан сув оқмоқда. Бу асрий орзуларнинг ушалиши, десам адашмайман. Муҳими, бунёдкорлик, ободончилик ишлари туман аҳлининг ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшаши йўлидаги хайрли юмушлардир, десам муболаға эмас. Бас шунда экан, бу гўзал юртда тўйиб-тўйиб яшагинг келадида!
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг