«Шубҳали» деб топилган солиқ операцияларини бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилади?
Қўшилган қиймат солиғи тўловларини ноқонуний равишда камайтириш ва «шубҳали» операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам ушбу масалага бефарқ бўлмади. Хусусан, куни кеча парламент қуйи палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловларини ноқонуний равишда камайтирган ва «шубҳали» операцияларни амалга оширган тадбиркорлик субъектлари бўйича Давлат солиқ қўмитаси раисининг ахбороти эшитилди.
Тадбирда Давлат солиқ қўмитаси вакилларининг таъкидлашича, ушбу аниқланган ҳолатларни янги жорий этилган инсон омилисиз шаклланган «Таҳлика-таҳлил» автоматлаштирилган дастур асосида солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш орқали шубҳали корхоналар «Бир кунлик фирмалар» ёки «Нақдлаштирувчи фирмалар» рўйхати аниқланган. Улар қайта камерал солиқ текширувларидан ўтказилиб, натижаси солиқ қўмитасининг расмий сайтларида ёритилган.
Шунингдек, реестрга киритилган шубҳали корхоналар билан операцияларни амалга оширган хўжалик юритувчи субъектларнинг мурожаатларига тезкорлик билан жавоб бериш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси ва барча ҳудудий давлат солиқ бошқармаларида масъул мутахассислардан иборат Ишчи гуруҳи ташкил этилган. Бугунги кунда Ишчи гуруҳ аъзолари тадбиркорлар билан индивидуал тартибда суҳбат олиб бориб, масалаларга қонуний ечим топмоқда.
Шу кунгача аниқланган ҳолатлар (дастлаб 396 та тадбиркорлик субъекти ва улар билан муносабатда бўлган 206 та давлат корхонаси) бўйича солиқ кодексининг 14-, 15- ва 266-моддаларига мувофиқ тегишли чоралар кўрилган. Камерал текширувлари ўтказилган солиқ тўловчиларнинг 95,1 фоизида шубҳали операциялар ўз тасдиғини топган.
Қўмита эшитувида депутатлар асосий эътиборни ҚҚС тўловларини ноқонуний равишда камайтириш мақсадида «шубҳали» операцияларни амалга оширган, деб топилган тадбиркорлик субъектларининг эътирозига сабаб бўлаётган омилларга қаратди.
Бунда депутатлар тадбиркорлик субъектлари томонидан йўл қўйилган ноқонуний хатти-ҳаракатларига нисбатан жазо қўллашдан олдин, уларни келтириб чиқараётган сабабларга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Яъни, тадбиркорлар ҚҚС тўловини тўлашдан ноқонуний йўллар билан айланиб ўтмасдан, балки солиқларни тўлашдан манфаатдор бўлиш механизмларини ишлаб чиқиш таклифларини берди.
Давлат солиқ қўмитасининг берган ахборотига кўра, бугунги кунда мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулотига нисбатан яширин иқтисодиёт 50 фоиз атрофида. Бунинг келиб чиқиш сабаблари жуда кўп, айримлари эса тизимли характерга эга эканлиги ахборотда таъкидлаб ўтилди. Бундан ташқари, солиқ тизимига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда бўшлиқлар мавжудлиги ҳам шу каби муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Депутатлар шунингдек, солиқ сиёсатини амалга ошириш борасида ваколатли давлат органлари томонидан солиқ тўлаш маданиятини ошириб боришнинг тизимли чораларини етарли даражада ташкил этиш лозимлиги таъкидланди. Солиқ маданиятини оширишда тарғибот-ташвиқот ишлари доимий равишда олиб борилса, яхши натижа беради. Лекин уларнинг самара бериши узоқ вақтни талаб этади. Шу ўринда қонунларни ҳурмат қилиш ва уларга амал қилишни талаб этиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш лозимлиги депутатлар томонидан таъкидланди.
Хўш, бу бўйича хориж тажрибаси қандай, солиқларни тўлаш бўйича ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйган шахсларга нисбатан ривожланган давлатларда қандай чоралар кўриш белгиланган? Масалан, АҚШда солиқ тўлашдан бўйин товлаган ҳар қандай шахс жиноят содир этишда жавобгар ҳисобланади. Суд қарорига асосан айбдор, деб топилган жисмоний шахсларга 100 минг АҚШ долларигача, юридик шахсларга 500 минг доллардан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш чоралари қўлланилади.
Буюк Британияда эса бундай қонун бузилишига йўл қўйган шахсларга нисбатан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, агарда юридик шахс бўлса барча мол-мулки мусодара қилиниши белгиланган. Хитой Халқ Республикасида хуфиёна иқтисодиёт билан шуғулланган корхоналар раҳбарига нисбатан 14 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки 5 миллион АҚШ доллари миқдорида жарима жазоси қўлланилиши белгиланган. Австралияда эса 20 минг доллардан кам солиқларни яширган ташкилот раҳбарларига нисбатан яширилган сумманинг 10 бараваригача жарима ёки 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши белгиланган. Агар яширилган солиқ суммаси 100 минг доллардан ортиқ бўлса, ташкилот раҳбарига 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши белгиланган.
Тадбирда депутатлар томонидан инсофли, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритаётганларни қонуний фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиш, фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, балки уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлишини таъминловчи ва рағбатлантирувчи иқтисодий механизмларни амалга ошириш борасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида мутахассис, амалиётчи ва экспертларни жалб қилган ҳолда мазкур масалаларни кўриб чиқиш таклифи берилди. Бу борада яқин кунларда Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан махсус семинар ташкил қилишга келишиб олинди.
Жамшид ҚОСИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг