Шўрчи туманидаги 3 қаватли савдо марказида ёнғин чиқди
Сурхондарё вилояти, Шўрчи туманида йирик савдо марказида ёнғин чиқди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, 4 август куни соат 03:02 да Сурхондарё вилояти, Шўрчи тумани, Боботоғ МФЙда жойлашган 3-қаватли савдо марказининг биринчи ва иккинчи қаватларида ёнғин содир бўлганлиги тўғрисида ФВБга хабар келиб тушган.
Хабарга асосан ёнғин-қутқарув экипажлари соат 03:15 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 05:10 да ўраб олинган ва уни бартараф этиш ишлари бошланган.
Таъкидланишича, ўтни ўчириш учун 10 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 2 та сув ташувчи машина жалб этилган. Ёнғин соат 07:30 да ўчирилгани маълум қилинди.
«Ёнғиндан тан жароҳати олганлар тўғрисида маълумот келиб тушмади», дейилади хабарда.
Аввалроқ 20 июль куни соат 12:44 да Тошкент шаҳар Учтепа тумани Бирлик мавзесида автобус ёниб кетгани тўғрисида хабар қилгандик.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг