Шўрчи туманида ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган ташаббус амалга оширилди
Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши депутати Собир Астанақулов томонидан ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган навбатдаги амалий ташаббус рўёбга чиқарилди. У Шўрчи туманидаги бир гуруҳ ишсиз ёшларга мустақил фаолият бошлаши учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни топширди.
Мазкур ташаббусдан кўзланган асосий мақсад — ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларни барқарор даромад манбаи билан таъминлаш ҳамда жамиятда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашишдан иборат. Топширилган жиҳозлар орқали ёшлар хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида мустақил фаолият юритиш имкониятига эга бўлмоқда.
Эътиборли жиҳати, бу каби амалий ёрдамлар ёшларнинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Илгари ишсизлик туфайли хорижга мавсумий ишга чиқишга мажбур бўлган айрим йигит-қизлар эндиликда ўз юртида меҳнат қилиб, оиласи бағрида барқарор даромад топиш имконига эга бўлмоқда.
— Ростини айтсам, ишсизлик мени жиддий ўйлантирарди, — дейди Шалдироқ маҳалласида яшовчи Ҳумойиддин Шодмонов. — Айрим пайтларда тирикчилик деб хорижга мавсумий ишга чиқишга ҳам тўғри келарди. Бироқ бу узоқ муддатли ечим эмаслигини яхши тушунардим. Менга замонавий пайвандлаш ускунаси топширилди. Энди ўз устахонамни очиб, буюртмалар қабул қилишни режалаштирмоқдаман. Энг муҳими, оилам ёнидаман ва ўз юртимда меҳнат қиляпман.
Қайд этиш жоизки, бундан аввал ҳам туман ҳокими ёшлар билан учрашувлар ўтказиб, уларнинг қизиқиш ва иқтидоридан келиб чиққан ҳолда зарур жиҳозлар топширган эди. Бундай саъй-ҳаракатлар ёшларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг