Шофирконлик ижодкорларга эҳтиром кўрсатилди
Фото: Халқ сўзи
Бутун бошли туманнинг серқирра ҳаётини газетасиз тасаввур қилиш мумкинми? Йўқ, албатта. Негаки, газета ўша туманнинг ўзига хос солномаси ҳисобланади.
Сўз исботи билан деганларидек, Бухоро вилояти Шофиркон туманида истиқомат қилувчи нуроний отахон Ашур Аминов уйида ярим асрлик газета тахламлари борлигини айтди.
— Салкам етмиш йилдирки даврий нашрларни, жумладан «Шофиркон овози» газетасини ўқиб бораман, — дейди у. — Уйимда унинг ярим асрлик тахламлари бор. Қўлга олсам хотиралар уйғонади. Юртимизда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, эл ташвишида ҳузур – ҳаловатдан воз кечган фидойи инсонлар кўз ўнгимдан ўтади. Набираларимга сўзлаб бераман. Газета орқали уларнинг онгу шуурига элпарварлик, меҳнатсеварлик, юртга садоқат туйғуларини сингдиришга интиламан. Сизга айтар бўлсам, газета – жуда таъсирчан куч. У кириб борган хонадондан худди нон ҳиди каби яхшилик, эзгулик бўй кўрсатиб туради.
Отахон ҳақ. «Шофиркон овози» газетаси мана, 90 йилдирки, туман аҳолиси учун ўзига хос маърифат маскани вазифасини ўтаб келмоқда. Академик Иброҳим Мўминов таваллуд топган ушбу гўшадан етишиб чиққан ўнлаб олиму шоирлар учун газета бешик вазифасини ўтаган. Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол, таниқли публицист Аҳад Ҳасан, эрта сўнган юлдуз — Илҳом Ҳасан, шоир Самандар Воҳидов, Тошпўлат Аҳмад, Омон Абдулла, Дилмурод Жаббор, Шодмон Сулаймон, таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул, ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими Эргаш Очилов, тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов сингари кўплаб зиёлилар шу даргоҳдан маънавий озуқа олишган.

«Шофиркон овози»нинг 90 йиллиги муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида ана шулар алоҳида таъкидланиб, матбуотнинг туман ижтимоий – сиёсий, маънавий ҳаётидаги ўрни ҳақида атрофлича сўз юритилди. Жамоада фаолият юритаётган ижодкорлар, меҳнат фахрийлари, жамоатчи мухбирлар, туман фаоллари дийдорлашиб, оммавий ахборот воситалари нуфузини янада ошириш юзасидан фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.
Тадбирда Бухоро вилоят ҳокими ўринбосари М. Ҳамроев, Шофиркон туман ҳокими Ж. Шаропов жамоани газетанинг илк сони чиққанига 90 йил тўлгани муносабати билан қутладилар.Таҳририят ҳамда бир гуруҳ шофирконлик ижодкорлар Фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг