Шофирконда 3 640 та хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланади
Бухоро вилояти Шофиркон туманида аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш азал – азалдан оғриқли масала бўлиб келган. Эътиборлиси, бу муаммо босқичма – босқич ўз ечимини топмоқда.
Гап шундаки, туманда қиймати 9 миллиард сўм бўлган йирик лойиҳа амалга оширилаяпти. Чунончи, тумандаги “Пахтаобод” маҳалласи ҳудудида қувурлар тортилиб, ичимлик сув иншооти барпо этилмоқда.Лойиҳада кўзда тутилган юмушлар бажарилгач, тумандаги тўртта маҳаллада истиқомат қилувчи 3640 та хонадон автоуловларда ташиб келтириладиган сувни сотиб олиш ташвишидан халос бўлади.

-Мазкур хайрли юмуш давлатимиз раҳбарининг “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бажарилмоқда,- дейди “Тезгузар” маҳалла маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сайфулла Ҳасанов.- Режага мувофиқ, маҳалламизда ҳам 33 километр узунликда сув қувурлари тортилаяпти. Пировардида ҳудудимиздаги 7 та қишлоқда яшовчи мингдан зиёд хонадон марказлаштирилган ичимлик сувидан баҳраманд этилади. Бу аҳоли турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилади, албатта.
Давлат раҳбарининг номи юқорида эслатилган қарорига кўра, лойиҳа доирасида мамлакатимиздаги жами 170 та маҳаллада қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш кўзда тутилган.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг