«Шодлик» маҳалласи номига мос қиёфа касб этди

17:48 22 Май 2024 Жамият
393 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Шу кунларда республикамизнинг аксарият маҳаллаларида аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида инфратузилмани яхшилаш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Жумладан, Асака туманидаги «Шодлик» МФЙ ҳақиқий бунёдкорлик майдонига айланди.

— Маҳалламиз номи «Шодлик» бўлсада, айрим ташвишлардан холи эмас эди, — дейди шу манзилда истиқомат қилувчи Абдурасул Отахонов. — Масалан, йўлимиз таъмирталаб эди, ёзда чанг, қишда лой бўлиб кетарди. Ичимлик суви, электр энергиясида ҳам муаммолар мавжуд эди. Ҳозирга келиб, нафақат, ҳудудимиздаги, балки ҳар бир хонадондаги ечимини кутиб турган масалалар ижобий ҳал этилмоқда. Бунинг учун маҳаллий ҳокимлик вакиллари уйма-уй юриб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотда бўлмоқда. Натижада маҳалламиз номига мос қиёфа кашф эта бошлади.

Ҳудудни обод манзиллардан бирига айлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида 10 км.дан иборат ички йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилди. 708 та хонадондаги баллонлар суюлтирилган газ билан тўлдирилди. Электр таъминотидаги муаммоларга чек қўйиш учун 40 та эски симёғочлар янги темир бетон таянчга алмаштирилиб, 2 та трансформатор ўрнатилди. Шунингдек, 300 метр замонавий СИП симлари тортилди. Маҳалла аҳли энди тоза ичимлик суви таъминотидан ҳам азият чекмайдиган бўлди. Бунинг учун 1 та сув қудуғи ўрнатилди ва 3,5 км. масофага янги қувур тортилди.

— Турмуш ўртоғим бетобланиб, узоқ йиллардан буён шифокорлар назоратида туради, — дейди Санобархон Холдорова биз билан суҳбатда. — Вақти-вақти билан даволаниб туриши керак. Тан олиш керак, бунга ҳар доим ҳам имконимиз бўлмайди. Маҳалламизда ташкил этилган бепул тиббий кўрик давомида шифокорлар хонадонимизга келиб, турмуш ўртоғимнинг саломатлигини назоратдан ўтказдилар ва даволаниши учун амалий ёрдам бердилар. Бундан миннатдорман!

Дарвоқе, маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолининг саломатлигини назорат қилиш учун ташкил этилган бепул тиббий кўрикка 65 нафар шифокорлар жалб этилди. Улар томонидан 1 минг 265 нафар ҳамюртларимизнинг соғлиги кўрикдан ўтказилди. Даволанишга муҳтожларга кўмак кўрсатилган бўлса, баъзи маҳалладошларга маслаҳатлар берилди. Бугина эмас, ҳудудда аҳолини даромадга йўналтириш, ижтимоий соҳа объектларида қулай шароитлар яратиш бўйича ҳам ибратли ишлар йўлга қўйилди.

Хулоса қилиш мумкинки, «Шодлик» маҳалласи энг обод ва намунали манзиллардан бирига айланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер