Ширинда 5 нафар ўқувчи репетиторсиз миллий сертификат олди
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Ширин шаҳридаги 4-умумтаълим мактабининг бир йўла 5 нафар ўқувчиси Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг она тили ва адабиёт бўйича умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисидаги юқори балли сертификатларига эга бўлди. Улардан бири юз фоизлик натижа қайд этган бўлса, 4 нафари олий ўқув юртига кириш имтиҳонларининг биринчи блогидан мазкур фан жой олган йўналишлар учун 77 дан 85 гача бўлган балларни нақд қилиб қўйди.
Эътиборлиси, улар бу натижага 20-50 километрлик масофадаги Янгиер ва Гулистон шаҳарларидаги ўқув марказларига қатнамасдан, ўзларининг жонажон мактабларидаги ўқиб-ўрганишлари туфайли эришди. Яъни, ортиқча пул ва вақт сарфланмади. Овворгарчиликлар бўлмади. Бунда мактабнинг она тили ва адабиёт ўқитувчиси Мурод Абдусаматовнинг чуқур билими ва фидойилиги асосий омил бўлди.
Эътироф этиш керакки, мактаб ўқувчиларининг Мурод Абдусаматов ўқитаётган фан бўйича олимпиадалардаги иштироки ҳайратланарли даражада. Масалан, ўтган йили 8 нафар шогирди мазкур беллашувнинг шаҳар босқичида қатнашиб, улардан 7 нафари вилоят, 1 нафари республика босқичларида иштирок этганди. Бу йил 5 нафар ўқувчи она тили ва адабиёт фани бўйича олимпиаданинг вилоят босқичига чиқди.
— Бу йилги битирувчиларимизнинг 40 фоизи олий ўқув юртлари талабаси бўлди, — дейди мактабнинг услубий бирлашмаси раҳбари Фарида Худойқулова. — Юқори синф ўқувчиларини ОТМнинг кириш синовларига тайёрлашда асосий дарслардан сўнг фан тўгаракларимизда берилаётган сабоқлар ҳам муҳим ўрин тутади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг