Ширин шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали очилди

21:23 04 Март 2022 Жамият
2106 0

Фото: Халқ сўзи

Бугун Ширин шаҳридаги Бунёдкор маҳалласида ўзбек халқининг буюк бобокалони, давлат арбоби ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Сирожиддин Саййид , сектор раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим соҳаси вакиллари, ижодкорлар, ўқувчи ёшлар иштирок этдилар.

— Сўз мулкининг султони, буюк шоир, давлат ва жамоат арбоби Мир Алишер Навоий асарлари, ижоди, мазмунли ҳаёти нафақат халқимизга, балки, бутун дунёга ибрат бўлиб қолаверади, — деди ҳоким Ғофуржон Мирзаев. — Мутафаккир бобомизнинг ҳайкали айни шу ерга ўрнатилишида ҳам рамз бор. Яъни навқирон Ширин шаҳри ҳамда ҳудуддаги Фарҳод ГEСининг номлари шоирнинг машҳур «Фарҳод ва Ширин» достонига ҳамоҳанг бўлиб, энди буларнинг барчаси бир жойда ўз ифодасини топди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ шаҳар марказида ўрнатилган мазкур ёдгорликка туташ ҳудудда Энергетиклар музейи, Ватанпарвар майдони, Ёшлар хиёбони жойлашган. Бу ерда, шунингдек, иккита ихчам кутубхона ҳам қуриб битказилган. Кутубхоналарда мингдан зиёд китоблар жамланмаси мавжуд.

Ёдгорликнинг икки ён томонига 3×2 метр ўлчамдаги иккита монитор ўрнатилган. Уларда Навоий ҳаёти ва ижодига оид тарихий маълумотлар, видеофильмлар намойиш қилиб борилади.

Бугунги кунда Ширин шаҳрида жами 4 та умумий ўрта таълим мактаби, 1 та болалар-мусиқа ва санъат ҳамда 1 та болалар-ўсмирлар спорт мактаби фаолият юритиб келмоқда. Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида турли хил фан, амалий ҳамда спорт тўгараклари йўлга қўйилган. Яратилган шароитлар, берилган кенг имкониятлар натижасида шаҳарлик кўплаб ёш спортчилар нуфузли мусобақаларда фахрли ўринларни эгалламоқда, ўқувчи ёшлар эса фан олимпиадаларида муносиб иштирок этмоқда.

Тадбир асносида Президентимиз раислигида жорий йилнинг 28 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида шаҳридаги мавжуд таълим муассасаларига 2 минг дона китоблар жамланмаси, беш турдаги 80 та мусиқий асбоблар ҳамда уч турдаги 100 дан ортиқ спорт жиҳозлари ва анжомлари топширилди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер