«Шимолий Ғазо учун тонг отиши қийин бўлди, беморлар касалхонага сиғмаяпти»: Ғазодаги шифохона раҳбари мурожаат билан чиқди

16:50 20 Март 2025 Дунё
364 0

Бугун, 20 март куни Исроил Ғазонинг шимолий ҳамда жанубий ҳудудларига зарбалар бериши оқибатида 71 нафар фаластинлик, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлган эди.

Ғазо шимолида жойлашган Индонезия касалхонаси директори Марван ал-Султоннинг таъкидлашича, шифохона Исроилнинг кетма-кет ҳужумлари оқибатида жароҳатланган беморлар билан тўлиб-тошган. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри хабар берди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Исроилнинг 17-20 март кунлари оралиғида Ғазога қилган қуролли босқини оқибатида вафот этганлар сони қарийб 500 нафарга етган. Яна юзлаб фаластинликлар турли даражадаги тан жароҳатлари олган ҳамда ҳудуддаги шифохоналарга жойлаштирилган.

Хабар қилинишича, беморларнинг кўпайиб кетиши натижасида Ғазо шаҳридаги Индонезия шифохонасида жойлар қолмаган. Натижада беморларнинг қабул қилиниши ортга сурилмоқда ёки бошқа тиббий муассаса қидиришга тўғри келмоқда.

Индонезия касалхонаси директорининг таъкидлашича, айни пайтда тиббиёт муассасасида ёқилғи, дори-дармон воситалари ҳамда тиббий буюмлар, жумладан, сунъий кислород аппаратлари қолмаган. Захиралар кескин камайиб, шифохона иқтисодий ҳалокатга юз тутган.

«Шимолий Ғазо учун тонг отиши қийин бўлди. Биз кўп сонли ярадорларнинг эҳтиёжларига жавоб беришда қийинчиликка дуч келяпмиз. Бир кечада 82 ярадор ва 43 та жасад олиб келинди. Беморлар кўп, бироқ жойлар чекланган. Зарурий воситалар етарли эмас», — дейди Марван ал-Султон.

Маълумот учун, аввалроқ, Ғазо шифохонасида кўнгилли бўлиб ишлаётган австралиялик шифокор Муҳаммад Мустафо Исроилнинг мазкур босқинлари оқибатида жабрланганларнинг ҳолати ҳақида ачинарли баёнот билан чиққан эди.

«Биздаги мавжуд барча оғриқ қолдирувчи дори воситалари тугади. Айни вақтда беморлар қийналишмоқда. Уларга бериш учун оғриқсизлантирувчи дорилар йўқ, захирадагилар ҳам тугаган. Кўнгилли шифокорлар гуруҳи туни билан ухламасдан ишлаяпти. Шифохонадаги манзара даҳшатнинг ўзгинаси. Жароҳат сабаб оёғи кесиб ташлаган етти нафар қиз бор ва уларнинг ҳуши жойида. Аслида бундай беморлар тиббий нуқтаи назардан олиб қараганда ҳушсиз бўлишлари керак. Бизда бундай шароит ва имконият мавжуд эмас», — деган шифокор ўз мурожаатида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер