Шифокорлар учун бепул театр томошалари ўтказилмоқда

13:13 31 Март 2022 Жамият
778 0

Фото: «Халқ сўзи»

Жорий йилнинг 18 март куни давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқоти чоғида соҳа фидойилари учун маданий тадбирлар, жумладан, концерт ва театр томошаларини бепул намойиш этиш таклифи ўртага ташланган эди. Айни таклифни мамнуният билан қўллаб-қувватлаган ҳолда Наманган вилоят мусиқали драма театри соғлиқни сақлаш тизими ходимлари учун «Азиз» деб номланган спектаклни тақдим этди.

Драматург Нурилло Аббос қаламига мансуб, режиссёр Шуҳрат Абдуллаев томонидан саҳналаштирилган ушбу асар бевосита оилаларда соғлом турмушни қарор топтириш мавзусига йўналтирилгани билан аҳамиятли. Театрнинг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлари Каримахон Расулова, Алижон Тожибоев, Азизахон Каримова, шунингдек, «Шуҳрат» медали соҳибаси Дилфузахон Қобилова томонидан ижро этилган асосий роллар ажойиб талқини билан томошабинларга манзур бўлди.

— Спектакль томошасига келган 200 нафардан ортиқ врач ва ҳамширалар ажойиб таассурот билан қайтдилар. Бу сингари маданий тадбирлар фаолияти жиддий масъулият талаб қиладиган касб эгаларига кайфият бағишлаб, уларда куч-ғайратни оширади, албатта, — дейди Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Абдулла Ғозиев.

Маълумот учун, ушбу театр ижодий жамоаси вилоятнинг барча туманларида тиббиёт ходимларига юксак бадиий саҳна асарларини тақдим этишни режалаштирган.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, 

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер