Шифокорлар оқолтинлик аёлга бебаҳо совға тортиқ қилдилар
Фото: Халқ сўзи
Сирдарё вилояти Оқолтин туманида яшовчи Гулсара Артикова учун ўтаётган йил унутилмас бўлди.
У сўнгги вақтларда чор-атрофни равшан кўрмай қолганди. «Тиббиётдаги ислоҳотлар—инсон қадри учун» эзгу тамойили асосида Сирдарёда ўтказилган «Саломатлик» акцияси доирасида ташкил этилган тиббий кўрик «Янги давр» маҳалласида истиқомат қилаётган ёлғиз аёл - Гулсара опага ҳам қувонч келтирди.
Қўни-қўшнилари, маҳалла фуқаролар йиғини ходимларининг маслаҳати ва ёрдами туфайли у Оқолтин туманида ташкил этилган навбатдаги тиббий кўрикка борди.
Малакали офтальмологлар бемор кўзи билан боғлиқ муаммони ўрганиб чиқишди. Ва кўз гавҳари билан боғлиқ юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилмаса, чор-атрофни зўрға кўриб турган аёл кўзлари бутунлай кўрмай қолиши мумкинлигини айтиб, унга Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё филиалига имтиёзли йўлланма беришди.
Сирдарёлик машҳур офтальмолог, «Эл - юрт ҳурмати» ордени соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими Расул Каримов бошчилигидаги шифокорлар юқори технологик жарроҳлик амалиётини ўтказишди. Харажатлар эса Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилди. Шундай қилиб, Гулсара опанинг кўзига нур, қалбига қувонч қайтди.
— Қўни-қўшниларим, маҳалла фаоллари ва шифокорларга раҳмат, — дейди Г. Артикова. — Инсон учун энг биринчи галда кўз кераклигини, усиз борлиқни кўрмай қолиш жуда азоб эканини чуқур англадим. Тиббий кўрикка, шифохонага боргунимга қадар кундузларим қоронғи, зимистон эди. Яхши инсонлар ёрдами билан дунёни янада чароғон кўряпман.
Маълумот учун. 2022 йилда Сирдарё вилоятида юрак-қон томир, таянч -ҳаракат ва бошқа аъзолар билан боғлиқ юқори технологик жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлган 400 дан ошиқ фуқароларда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Ғулом ПРИМОВ, журналист.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг