«Шифокор қўлимни қайтарди»

11:19 09 Ноябрь 2022 Жамият
572 0

Фото: Халқ сўзи

Ўригидан мағзи ширин, деганидек, набирам Асилбекка меҳрим бўлакча. Уни еру кўкка ишонмайман. Аммо иссиқ жоннинг иситмаси бўлар экан. Асилбекнинг ҳарорати ошиб, бетобланиб қолганида дунё кўзимга қоронғи бўлиб кетди. Биласизми, кўрсатмаган дўхтир қолмади. Аммо у касалликдан фориғ бўлмади.

Қарши шаҳридаги ички касалликлар шифохонасига олиб борганимда эса уни қабул қилишда муаммолар туғилди. Шунда бир дўхтир опа жонимизга аро кирди.

— Ахир бу гўдакни қабул қилмаслик касбимизга хиёнат эмасми? Уни қабул қилиб, дарҳол муолажа бошлаш керак, — деди.

Шундай шифокорлар борлигидан қувониб кетдим. Кейинчалик шу дўхтир опанинг ўзи – Лола Низомова набирам Асилбекни даволади. Лолахон қўли енгил шифокор экан. Эртаси куни набирам кўзини очди ва менинг руҳим осмонида ҳам нимадир чарақлагандай бўлди.

Орадан бир неча кун ўтиб, набирам юз-кўзида қувонч кўрдим, у бутунлай соғайиб кетган эди. Кетар чоғимда Лолахонни излаб топдим ва ташаккуримни изҳор этдим. Оддий ташаккурнинг ўзи камлик килганидек, совға-салом ҳадя қилмоқчи бўлдим, у қўлимни қайтарди.

— Гиппократ қасами ичганмиз, отахон, шу совға-саломни оилангизга олиб бориб, биргаликда баҳам кўринглар, — деди. Рости, шундай қўли ҳалол шифокорлар борлигидан қувониб кетдим. Аслида менга қалам тутқазган ҳолат ҳам шу — Лолахоннинг ўз касбига фидойилиги ва ҳалоллиги эди.

Юртимизда шундай шифокорлар сафи кенгаяверсин!

 

Хўжақул НАЗАРОВ,

Нишон тумани,

Қашқадарё вилояти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер