ШҲТга аъзо давлатларнинг «Samarqand – 2022» халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми бўлиб ўтмоқда

14:32 16 Август 2022 Жамият
697 0

Фото: Халқ сўзи

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммитига тайёргарлик жараёнида «Самарқанд руҳи» лойиҳаси доирасида бўлиб ўтган ушбу тадбир Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан Самарқанд шаҳридаги Ватанпарвар боғида ташкил этилди.

Симпозиумни Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди. Унда Эрон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Грузия каби давлатларнинг ҳамда республикамизнинг маҳоратли ҳайкалтарошлари иштирок этмоқда.

— Шу пайтгача ўндан ортиқ халқаро кўргазмаларда иштирок этганман, — дейди Қирғизистон Республикасидан келган ҳайкалтарош Тамила Маматова. —Тарихий шаҳар — Самарқандда ташкил қилинган бу кўргазма менда катта таассурот уйғотмоқда. Эътиборлиси, бизнинг шу ерда яратган асарларимиз ШҲТнинг Самарқанд саммитидан эсдалик сифатида қолади.

— Зарбанд мармарини тақдим этгани учун Самарқанд вилояти ҳокимлигига барча ҳайкалтарошлар номидан ўз миннатдорлигимни билдираман, — дейди санъатшунос, ҳайкалтарошлик симпозиуми координатори Насима Жўраева. — Бугунги кунда у бутун дунё ҳайкалтарошлари ишлатаётган энг яхши материаллардан биридир.

— Оламнинг бутун сири, гўзаллиги ва тарихи тошда, биз ҳайкалтарошлар тошнинг гўзаллигини очишга мажбурмиз. Мен симпозиум кунларида ишлашни режалаштирган асарим одамларга биз қандай ажойиб дунёда яшаётганимиз ҳақида фикр билдиришини истайман, — дейди қозоғистонлик ҳайкалтарош Улжан Жаугашева. — Кўплаб симпозиумларда қатнашдим, кўплаб материаллар билан ишладим, Зарбанд мармари Швейцарияда ишлаган тошимни менга эслатади, бундай тош гранит каби қаттиқ ва шу билан бирга жуда чиройли.

10 сентябрга қадар давом этадиган тадбирда дунёнинг моҳир ҳайкалтарошлари «Ватанпарвар» боғида ўз асарларини яратадилар, сўнгра ушбу санъат асарлари Самарқанд кўчаларини безайди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер