ШҲТ Халқ дипломатияси марказининг илк йиғилиши бўлиб ўтди

18:39 06 Июль 2018 Сиёсат
3218 0
Фото: 123ru.net

2017 йил Остона шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши саммитида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ШҲТ халқ дипломатияси марказлари фаолиятини йўлга қўйиш таклифини билдирган эди.

Президентимизнинг жорий йил 26 июндаги “Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқ дипломатияси маркази ташкил этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг доимий фаолият юритувчи Халқ дипломатияси маркази таъсисчиларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда марказнинг мувофиқлаштирувчи Кенгашига аъзо республикамиздаги қатор вазирлик ва идоралар раҳбар ходимлари иштирок этди.

Қўмита раиси Р. Қурбонов йиғилганларни ушбу муҳим воқеа билан қутлаб, марказ фаолияти ҳақида маълумот берди.

Марказнинг асосий мақсади давлатлараро ўзаро қўшничилик ва ишончли ҳамкорлик, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, ШҲТга аъзо давлатларнинг ҳозирги замон тараққиётини ривожлантиришга ҳисса қўшишдан иборатдир.

Марказ таъсисчилари этиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар, Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим, Жисмоний тарбия ва спорт, Молия вазирликлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Бадиий академия, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси тайинланди.

Йиғилиш кун тартибида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси марказини таъсис этиш, унинг Низомини тасдиқлаш ва бошқа ташкилий масалалар кўрилди.

Марказ директори лавозимига таъсисчилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Р. Назаров номзоди бир овоздан тасдиқлади.

Сўзга чиққанлар Халқ дипломатияси марказининг ташкил этилиши нафақат минтақада, балки жаҳонда миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этишди.

Йиғилиш якуни бўйича махсус қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер