Тошкент вилоятида оқова сувларни йиғиш ва тозалаш иншооти қурилади
Пойтахт ҳокимлигида «Abu Dhabi Sewerage Services Company» мутасаддилари билан учрашув ўтказилди.
Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзоқов меҳмонларни самимий кутиб олиб, АДСС пойтахт инфратузилмасини ривожлантириш ва шаҳар равнақига ҳисса қўшишга тайёрлигидан хурсанд эканлигини айтди. Биргаликдаги лойиҳа муваффақиятли, самарали ва тез амалга оширилишига ишонч билдирди.
АДСС компаниясининг сотувлар бўйича ижрочи директори Абдулваҳоб ал-Шариф ҳокимлик масъулларига Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманининг «Сурум» МФЙ ҳудудида барпо этилиши режалаштирилган Оқава сувларни йиғиш ва тозалаш иншоотининг дастлабки лойиҳасини тақдим этиб, уни такомилига етказиш учун баъзи техник ва ташкилий-ҳуқуқий масалаларни биргаликда ҳал этиш лозимлигига эътибор қаратди.
Маълум қилинишича, 2 босқичли лойиҳа суткасига 1, 5 млн метр куб чиқиндиларни тўплаш ҳамда тозалаш имконини беради. Эътиборли жиҳати, «Ўзсувтаъминот» АЖ билан биргаликда амалга ошириладиган бу лойиҳа фақатгина тозалаш иншоотини қуришни эмас, балки ҳозирда мавжуд тозалаш иншоотларига йўналтирилган барча марказий қувурларни интеграция ва модернизация қилишни назарда тутади. Бу бўйича ҳам намунавий, камчиқим ва амалга оширилиши қисқа вақт талаб этадиган таклифлар тайёрланган. Лойиҳа мукаммал бўлиши учун топографик съёмка, шаҳар аҳолисининг ўсиш прогнози каби қатор маълумотлар керак. Режага кўра, 2024 йилнинг январидан иншоот қурилиши бошланади.
Шавкат Умурзоқов ҳамкорларни қизиқтирган саволларга тегишли ташкилотлар масъуллари томонидан қисқа муддатда зарур маълумотлар етказиб берилишини билдирди. Ўз навбатида, бу лойиҳа Тошкент шаҳри учун ниҳоятда долзарб эканлигига эътибор қаратиб, уни имкон даражада тез муддатда, сифатли амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. Янги Тошкент ҳам шу тизимга уланишини билдириб, ундаги объектлар фойдаланишга топширилгунига қадар инфратузилма тайёр бўлиши муҳимлигини айтиб ўтди.
Томонлар лойиҳани такомиллаштириш юзасидан атрофлича фикр алмашдилар ва амалий мулоқотлар давом этишини билдирдилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг