Шарифа 23 йил деганда «метрка» олди
Одам ҳаётда кўплаб синовларга юзма-юз келади. Баъзида ўзи билган ва билмаган ҳолда хатоликларга йўл қўяди. Аксарият ҳолларда қилинган хато ва камчиликларни тузатиш қийин кечади.Ўз вақтида ҳал этилиши мумкин бўлган муаммо эса йиллар ўтиб, кўп вақт талаб этадиган юмишга айланиши шубҳасиз.
Учқўрғонлик Шарифа Бегматова 1997 йилнинг 9 ноябрь санасида дунёга келган. Ўша пайтда унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси номаълум сабабларга кўра олинмаган. Орадан йиллар ўтиб, яъни Шарифа балоғат ёшига етганда шахсни тасдиқловчи ҳужжат олиш зарурати туғилади. У биринчи бор 2015 йил туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилади. Лекин масала ФҲДЁда эмас балки, фуқаролик судида ҳал қилиниши унга тушунтириб ўтилади. Ҳеч бир ҳужжатсиз 18 ёшни қаршилаган фуқаро судга ариза билан мурожаат қилади. Унинг аризаси тегишли тартибда кўриб чиқилиб, бир неча идоралардан маълумотлар олиб келиниши айтилади. Аммо, югур-югурга кетадиган маблағи йўқлиги боис, шу кунгача туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасиз яшаб келади. Ўтган вақт мобайнида турмушга чиққан Шарифа фарзандининг тақдири ҳам худди ўзиникидек бўлишидан хавотир олиб, туман ФҲДЁ бўлимига яна мурожаат қилади. Унинг бахтига фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига асосан 16 ёшдан катта бўлганларга ҳам туғилганлик гувоҳномаси суд аралашувисиз берилаётгани айни муддао бўлди.
Энди у шахсини тасдиқловчи фуқаролик паспортига эга бўлгандан сўнг фарзандига ҳам туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш имконияти яратилади.
— Тўғриси, туғилганлик гувоҳномасини олиш мен учун жуда мушкул юмуш саналган. Қарийб беш йилдан буён кўплаб идоралар эшигини тақиллатдим. Бормаган жойим қолмади. Суд тартибида олишим учун зарурий ҳужжатларни жамлаган бўлсам-да айрим тўловларга молиявий жиҳатдан қўлим калталик қилди. Ҳозир жуда ҳам ҳаяжондаман. Ортда қолган 23 йил давомида шахсни тасдиқловчи бирор бир ҳужжатим йўқлиги мени доимо ташвишга солиб келган. Учқўрғон ФҲДЁ бўлими ходимларига раҳмат! Қисқа фурсатларда мени мурожаатимни ижобий ҳал қилиб беришди, — дейди Шарифа Бегматова.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
(«Халқ сўзи»)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг