Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити муносабати билан шу кунларда қадимий ва навқирон кентда маданият ҳафталиги ҳам ўтказилмоқда

12:40 15 Сентябр 2022 Жамият
561 0

Фото: Халқ сўзи

Жумладан, шаҳардаги Университет хиёбонида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида «ШҲТга нигоҳ» маданий-маърифий дастурлари ташкил этилди.

Мазкур фестивални ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – Самарқанд аҳли ва меҳмонларининг ШҲТ қандай тузилма эканлиги, унга аъзо мамлакатлар халқларининг ўзига хос маданияти, анъаналари тўғрисидаги тасаввур ва тушунчаларини бойитиш, санъат ва маданият барча миллат ва элатларни бирлаштирувчи қудратли куч эканлигини намойиш этишдан иборат.

Бунинг учун хиёбондаги саккиз жойда мамлакатимиздаги рус, тожик, қирғиз, қозоқ, хитой миллий маданий марказлари, Ҳиндистон элчихонаси қошидаги ҳинд маданият маркази, юртимиздаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган покистонлик талабалар томонидан кўргазма ва маданий дастурлар намойиш этилмоқда. Шунингдек, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилмоқда. Фольклор ва халқ этнографик жамоаларининг бадиий чиқишлари уюштирилди. Хиёбондаги иккита катта саҳнада ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлар халқларининг миллий куй-қўшиқ ва рақслари ижро этиляпти.

Маданий тадбирлар давомида Самарқанд вилоятидаги театр жамоалари томонидан турли саҳна кўринишлари, театрлаштирилган томошалар намойиш қилинмоқда.

— Дунё халқлари ўртасидаги маданий ва дўстлик алоқаларни мустаҳкамлаш, миллий анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг асосий мақсадларидан ҳисобланади, — дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари – туризм ва маданий мерос бошқармаси бошлиғи Р.Қобилов. — Бугун дунё нигоҳида бўлиб турган шаҳримизда маданият ҳафталиги ўтказишимизнинг боиси ҳам шунда. Мақсад — саммитга келган меҳмонлар ва шаҳримиз аҳолисига бой миллий маданиятимиз, юртимизда яшаётган турли миллат ва элатларнинг миллий анъана ва қадриятларини ҳунармандчилиги намуналари билан яқиндан танишиш учун имконият яратишдир.

Айни пайтда Самарқанддаги истироҳат боғлари, театр ва маданият саройлари, савдо-кўнгилочар масканларда ҳам концерт ва маданий дастурлар намойиш этилмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер