Шахсни қамоқда сақлаб туриш муддати иш судга ўтказилганда тугаса-да, нега шахс озод этилмаяпти?

01:48 22 Апрель 2020 Сиёсат
1833 0

Жиноят-процессуал кодекснинг 315-моддасига асосан қамоқда сақлаш учун кўрсатилган муддат ўтгач, шахс дарҳол қамоқдан озод этилиши лозим.

Бироқ амалиётда шахсни қамоқда сақлаб туриш муддати иш судга ўтказилганда тугаса-да, шахс озод этилмаяпти. Жиноят иши судга ўтказилиши заҳоти шахсни қамоқда сақлаш билан боғлиқ муддатларга қўйилган талаблар ўз моҳиятини йўқотади. Чунки жиноят иши судга келиб тушгандан сўнг судья жиноят ишини судда кўриб чиқиш учун тайинлаш тўғрисидаги қарорида айбланувчига нисбатан эҳтиёт чораси тўғри танланганлиги масаласини муҳокама қилади. Асослар бўлган тақдирдагина айбланувчига нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасини ўзгартиради ёки уни ўзгаришсиз қолдиради. Судья суд муҳокамаси даврида судланувчи қанча муддат давомида қамоқда сақланишини белгиламайди.

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодекснинг 405-моддасида жиноят ишини судда кўриб чиқиш муддати узоғи билан олти ойгача узайтирилиши белгиланган. Бироқ кодексда суд муҳокамаси даврида шахс қанча муддат қамоқда сақланиши мумкинлигига аниқлик киритилмаган ва бу масала ҳануз мавҳумлигича қолмоқда.

Фуқаро С.Қодиров билан ўтказилган суҳбатда бугунги кунда шахс дастлабки тергов даврида қўлланилган ва фақат шу давр учун белгиланган муддатда то ҳукм қонуний кучга киргунига қадар қамоқда сақланаётганлиги қонунга хилоф эканлигини, жиноят-процессуал қонунчилигидаги шу каби камчилик ва оқ доғларни бартараф қилиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, бугунги кунда Давлат дастури ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссияси томонидан Жиноят-процессуал кодекснинг янги лойиҳаси кўриб чиқилаётганлиги муносабати билан ушбу таклифларини қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришда фойдаланишни сўради.

Қўмита юқорида киритилган таклифларни жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш бўйича тузилган идоралараро комиссияга юборди. Уни амалиётчи олимлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари мутахассисларининг эътиборларига ҳавола этган ҳолда фуқаролик позициясини билдирган барча фуқароларимизга миннатдорчилик билдиради.

Даврон АРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масаллари қўмитаси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер