Шахслар мамлакати

16:01 20 Июнь 2022 Жамият
885 0

Фото: Халқ сўзи

Инсоният пайдо бўлибдики, Ер юзида бирда маданий, бирда ошкора ёвузлик ниқобини кийган ғоялар кураши бир зум ҳам тиним билгани йўқ. Доно сиёсатчилар, файласуфлар мазкур иборани бошқача оҳангда – «ақллар жанги» сифатида ифодалайдилар. Ҳозирги кунда эса сайёрамизда инсон онги ва тафаккури учун кураш янада авж олгани айни ҳақиқатдир.

Бугунги куннинг турфа жараёнларини тийрак ақл билан кузатиб турганлар айрим ёшларда миллий менталитетимизга зид баъзи иллатлар очиқчасига кўринаётганини, касаллик вируслари каби шароитга мослашувчан бўлиб бораётганини англаб турибди. Демак, эндиликда бу каби иллатларга қарши курашиш усулларини ҳам ана шу мезон асосида ҳар куни янгилаб, такомиллаштириб боришга катта эҳтиёж бор.

 

Фикр – бола, бола эса ўсувчан

Бугун навқирон авлод тарбиясида шунчаки «Бу – яхши, бу – ёмон» деган жайдари фалсафа билан кўзланган мақсадга эришиш қийин. Шу боис ёшларни ўзимизга дўст тутиш учун уларнинг орзу-мақсадларини эшитиш, дардига қулоқ тутиш, ички оламига кириб бориш керак. Мақсадга эришиш учун йигит-қизларнинг орзу-армонлари билан бирга яшаш, иллатларга қарши курашувчи иммунитетни шакллантириш зарур. Акс ҳолда Худойберди Тўхтабоевнинг қаҳрамони – Ҳошимжон сингари сеҳрли қалпоқчага эга бўлиб, ҳамма нарсага бир кунда эришишни истовчилар кўпаяди. Сервантеснинг Дон Кихоти каби хаёлий сароб ортидан эргашувчи ёшлар сафи кенгаяди.

Яқинда тайёр маҳсулотни бир бозордан олиб, иккинчисида пуллайдиган ишбилармон йигит унга хорижнинг қўрқинчли кинолари жуда ёқишини мақтаниб қолди. У кино қаҳрамонлари бир-бирини ваҳшийларча ўлдиришини шунақанги роҳат, мароқ билан гапирдики... Унинг ўта саёз, бачкана дунёқарашидан ё кулишни, ё йиғлашни билмайсан киши.

Қизининг ўқишга тор шим кийиб боришини бир ота шундай ифодалайди: «Агар қизим замонавий бўлиб кийиниб юрмаса, йигитлар у билан гаплашмай қўярмиш...»

— Бугун бизга оила тизгинини қўлида маҳкам ушлаб турадиган оталар керак! — дейди бир ҳамкасбимиз оғир хўрсиниб.

Катта даврада ўтирган кўп йиллик ўқитувчининг фикри барчани ўйлантириб қўйди.

— Жамиятимизда ёшлар тарбияси, маънавияти билан боғлиқ муаммоларнинг урчишига кўп ҳолларда биз, катталар ота-оналар айбдор! —  деди у.

Шу ўринда улуғ маърифатпарвар жадид Абдулла Авлонийнинг «Тарбияни кимлар қилур?» деган киноямуз, оғриқли саволи эсга тушади.

 

Тафаккур йўлидан бормоқ осон эмас

 

Фарғоналик ака-ука узоқ йиллардан буён навбати билан Жанубий Кореяга бориб ишлаб келишади. Яқинда уларнинг кичиги билан суҳбатлашиб қолдим. У навбатдаги сафарга тайёргарлик кўраётган экан.

— Бу сафар ишлаб келсам, кенжа ўғлимга пойтахтдан энг зўр ҳофизни олиб келиб, одамларнинг эсидан чиқмайдиган тўй қиламан, — деди у мақтаниб. —  Мана, кўрасиз, ароқ деганлари сув бўлиб оқади...

Анча пайт кўришмаганимиз учун мен бу йигит дунё кўриб фикрлаш тарзи, дунёқараши ўзгарган бўлса керак, деган фикрда юрардим. Беш дақиқа гаплашиш асносида ундан хафсалам пир бўлди.

— Кореяда технология яхши ривожланган. Бирорта замонавий технология олиб келиб, тадбиркорликни йўлга қўйиш ниятингиз йўқми? —  дейман унга синчков тикилиб.

У мийиғида кулди.

— Компьютер-момпютер деб бошимни қотириб нима қиламан. Мен ҳар қандай оғир меҳнатдан қочмайман, пул тўлашса бўлгани...

Донишманд аждодларимиз таъбирича, фикрсизлик – боши берк кўча, тафаккур йўли абадий ҳаёт йўлидир. Аммо тафаккур эркинлигига эришиш, инсон онгига баъзан зўрлик, гоҳида беозор усуллар орқали сингдирилаётган турли ақидалар, иллатлар, фикрий қарамлик домига тушиб қолмаслик мураккаб жараён. Шунинг учун ҳам қадимги юнон файласуфи Фалес «Дунёдаги энг қийин нарса нима?» деган саволга «Ўзни англаш» дея жавоб бергани бежиз эмас эди.

 

Бизга битирувчилар эмас, шахслар керак!

Кенг дунёқараш, замонавий билим ва тафаккурга эга бўлмаган ёшларсиз мамлакат келажагини тасаввур этиш қийин. Шу маънода, бугун бизга мактаб таълими, оила тарбиясини олган шахслар керак. Учинчи Ренессанс сари дадил қадам ташлашда бу ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Шу йилнинг 15 июнь куни давлатимиз раҳбари раислигида видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда бу борадаги мавжуд ҳолат очиқ-ошкора, таҳлил ва танқид руҳида муҳокама қилинди. Умумтаълим, касб-ҳунар таълими мактаби битирувчиларини ҳаётга ҳар томонлама муносиб тайёрлаш, ўрта бўғинда рақобатбардош мутахассислар тарбиялашга янгича ёндашув бўйича долзарб саволлар ўртага ташланди.

Гап шу ҳақида борар экан, Фарғона вилояти туманларидан бирида яшовчи муштипар онанинг изтироби ёдга тушади. Хуллас, онаизор турмуш ўртоғи билан ўзаро келишган ҳолда ўғилдаги қобилиятни кўриб, болалигидан мусиқа тўгарагига беришади. Қобилиятли болакай бир эмас, бир неча мусиқа асбобларини чалишни ўргангач, бундан қувонган ота фарзандига барча мусиқа асбобларини олиб беради, кейинчалик санъат соҳасига ихтисослашган коллежда ўқитади. Аммо ўқишдан сўнг қишлоқда ўзига иш топа олмаган йигит икки йилда ҳаммасидан кўнгли совиб, ишлаш учун хорижга кетади.

— Уйимиз меҳмонхонаси деворларида осиғлиқ турадиган чолғу асбобларини кўрганимда юрагим эзилади,-дейди ҳалиги онаизор. — Ҳозирда ўғлим чет элда қурилиш соҳасида ишлаяпти. Аммо биз унинг яхши санъаткор бўлишини орзу қилган эдик, лекин шароит йўқлиги туфайли у санъат йўлидан кета олмади.

Хўш, жорий йилда мамлакатимизда 680 минг йигит-қизларнинг бандлигини таъминлаш масаласи кўндаланг турибди. Давлат дастурлари, ҳаётбахш ислоҳотлар жараёнида яратилаётган янги иш ўринлари ёшларнинг орзу-ҳавасларини рўёбга чиқариш учун етарлимикан?! Яна юзлаб, минглаб юқоридаги каби истеъдодли ёшлар иш излаб хорижга кетмайдими? Хассос ёзувчимиз айтганидек, истеъдодини ўтин ёришга сарфламайдими?!

Президентимиз топшириғига кўра, шу кунларда юртимизнинг барча шаҳар-туманларида ҳокимлар ва сектор раҳбарлари иштирокида битирувчи ёшлар билан юзма-юз мулоқотлар бўлиб ўтмоқда. Бундай учрашувлар давомли бўлиб, аниқ режа, амалий таклифлар янги авлоднинг қизиқишларига мос тушса, эзгу ташаббусдан кўзланган мақсадга эришиш мумкин.

Фикр дунёни бошқаради

 

Айни пайтда биз яшаётган алғов-далғовли бу дунёни куч эмас, фикр бошқармоқда. Ўз даврида «Япон руҳияти- ғарб технологияси» деган қоида кунчиқар юрт тараққиёти йўлини белгилаб олишда муҳим омил бўлган эди. Бу тажрибани «Глобал фикрла, локал ҳаракат қил» тамойилига асосланган ҳолда такомиллаштирган қитъамизнинг Сингапур, Тайван, Жанубий Корея сингари давлатлари маънавий ўзлик, миллий қадриятлардан узоқлашмай туриб ҳам юксак тараққиётга эришиш мумкинлигини исботлади.

Теран мушоҳадали ва ҳаётий кузатишлари асосида турфа воқеликлар, дунёда кечаётган иқтисодий-сиёсий талотўпларга ўз муносабатини билдира оладиган ҳамюртларимиз фикримизни тасдиқлайди. Эртани севиниб кутиш, ёруғ келажакдан умид қилиш учун унга бугун мустаҳкам пойдевор қўйиш зарур.

Бахтли ва фаровон ҳаётнинг биринчи мезони юксак билим ва тафаккур бўлса, иккинчиси касб-ҳунардир!

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер